12:17 | 13.03.24

                       

«Очиқ бюджет» портали яна ишламаяпти, энди вазирлик 16 мартдан давом этиришини билдирди

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг изоҳлашича, «Очиқ бюджет» портали ишида айрим техник носозликлар кузатилаётгани сабабли портал фаолиятида узилишлар бўлмоқда. Шунинг учун овоз бериш жараёнлари 16 мартгача тўхтатилади.

«Очиқ бюджет» портали ишида айрим техник носозликлар кузатилаётгани сабабли портал фаолиятида узилишлар бўлмоқда. Носозликларни тўлиқ бартараф этиш мақсадида овоз бериш жараёнлари вақтинча тўхтатилади ва 16 март соат 00:00 дан бошлаб давом эттирилади.

Айни вақтда мутахассислар томонидан камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда”, — дея хабар берди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.

Шунингдек, вазирлик тизим фаолиятига оид қўшимча саволлар бўлса, қуйидаги рақамларга мурожаат қилишни сўраган: +99871 2035050 (ички рақам — 01323, 01327).

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг биринчи мавсуми доирасида фуқаролар томонидан илгари сурилган лойиҳаларни молиялаштиришга қарийб 3,02 триллион сўм йўналтирилиши кутилмоқда. «Очиқ бюджет» портали маълумотларига кўра, 9443 та маҳалла фуқаролар йиғинидан 35 575 та ташаббус келиб тушган бўлиб, шундан 28 919 таси маъқулланган.

Шу йилги мавсумдан бошлаб овоз бериш жараёнига «Бир фуқаро, бир овоз» тамойили жорий этилмоқда. Мақсад — овоз йиғиш учун оммавий равишда SIM-карта харид қилиш билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш.

Аввалроқ 2024 йилдан бошлаб «Очиқ бюджет» портали орқали фуқаролар умумхалқ боғлари ва парклари яратиш бўйича 250 миллион сўмгача бўлган ташаббусларни илгари суриши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: