17:09 | 15.03.24

                       

Эртага 16 март куни соат 00:00 дан «Ташаббусли бюджет» учун овоз беришга старт берилади

Аввалроқ, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги «Ташаббусли бюджет» портали ишида айрим техник носозликлар кузатилаётгани сабабли овоз бериш жараёнлари 16 мартгача тўхтатилишини маълум қилганди.

Бугун вазирликнинг хабар беришича, «Ташаббусли бюджет»нинг 2024 йил 1-мавсуми учун овоз бериш жараёнларига 16 март куни соат 00:00 дан старт берилади ва мазкур жараён 4 апрель 23:59 га қадар давом этади.

Овоз бериш шакиллари:
1. «Очиқ бюджет» порталининг веб-саҳифаси;
2. порталнинг мобил иловаси;
3. “Телеграм“даги расмий бот.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг биринчи мавсуми доирасида фуқаролар томонидан илгари сурилган лойиҳаларни молиялаштиришга қарийб 3,02 триллион сўм йўналтирилиши кутилмоқда. «Очиқ бюджет» портали маълумотларига кўра, 9443 та маҳалла фуқаролар йиғинидан 35 575 та ташаббус келиб тушган бўлиб, шундан 28 919 таси маъқулланган.

Шу йилги мавсумдан бошлаб овоз бериш жараёнига «Бир фуқаро, бир овоз» тамойили жорий этилмоқда. Мақсад — овоз йиғиш учун оммавий равишда SIM-карта харид қилиш билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш.

Аввалроқ 2024 йилдан бошлаб «Очиқ бюджет» портали орқали фуқаролар умумхалқ боғлари ва парклари яратиш бўйича 250 миллион сўмгача бўлган ташаббусларни илгари суриши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.