10:43 | 12.03.24

                       

«Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида қарийб 1 млрд сўм пул талон-торож қилинди

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги «Ўқув таълим-таъминот» давлат муассасаси билан Тошкентда жойлашган «Smart Sales Leader» корхонаси керакли электрон воситаларни етказиб бермасдан, жами 919 млн 360 минг сўм бюджет маблағини ўзлаштирган.

Бу ҳақида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар бермоқда.

Қайд этилишича, агентлик томонидан 2023 йил давомида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги «Ўқув таълим-таъминот» давлат муассасаси томонидан «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида республика буджети ҳисобидан харид қилинган компьютер ва бошқа воситаларнинг тавсия этилган техник топшириқларга мувофиқлиги ҳамда молиявий маблағлардан фойдаланишнинг оқилоналиги, тежамкорлиги ва самарадорлиги Фарғона, Наманган, Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида жойига чиққан ҳолда, етказиб берилган компьютерларнинг техник хусусиятлари ўрганилганида шартномада кўрсатилган талаблар тўлиқ бажарилмаганлиги аниқланган.

Шундан сўнг, тўпланган ҳужжатлар масъул шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига юборилган.

Мазкур ҳолат юзасидан департаментнинг Тошкент шаҳар бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, «Ўқув таълим-таъминот» ДМ ва «Smart Sales Leader» МЧЖ ўртасида тузилган шартномага асосан, жамият томонидан етказиб берилиши лозим бўлган қўшимча электрон воситалар етказиб берилмасдан, жами 919 млн 360 минг сўм миқдордаги буджет маблағлари ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинганлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан Департаментнинг Тошкент шаҳар бўлими томонидан «Ўқув таълим-таъминот» ДМ ва «Smart Sales Leader» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ҳамда 205-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: