16:13 | 17.03.24

                       

Собиқ ИИБ ходими қилмишини хаспўшлаш мақсадида занжирбанд болани майда безориликда айблашаяпти. Бу қанчалик асосга эга?

Ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган вояга етмаган боланинг “Chevrolet damas” русумли автомашина юкхонасида оёқлари занжир билан боғланиб, тана қисмларида яққол кўриниб турган жароҳат изларининг видео тасвири кенг жамоатчилик томонидан ташвиш билан қабул қилинди.

Мазкур видеодаги “Damas” автомобили давлат рақами 30 W 385 ХА бўлиб, Самарқанд вилояти Пахтачи туманида Сарой МФЙ 2-уйда яшовчи собиқ ИИБ ходими, ҳозирда Пахтачи тумани “Қалқон – жасорат ҳарбий спорт мактаби” ўқитувчиси Х. Шга тегишли эканлиги аниқланган.

Занжирга боғлаб қўйилган бола эса ота-онасидан айрилган бўлиб, Пахтачи туманидаги “Қалқон – жасорат ҳарбий спорт мактаби” 6-синф ўқувчиси Ш. Ш ўғли эканлиги, Ш. Х унинг устози эканлиги аниқланган.

Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси берган маълумотга асосан Занжирбанд этилган боланинг васий ота-онаси С. Х ва М.Шлар устозига боладан эҳтиёт бўлишини, имконият туғилиши билан бола қочишга ҳаракат қилишини олдини олиш учун уни оёқларини занжир билан боғлаб қуйишганини билдиришган.

 

Боланинг бундан олдин ҳам бир неча бор ўқишдан қочиб майда безорилик содир этганлиги аниқланган. Видеодаги жароҳатлар эса, воқеадан 1 кун олдин, 15 март куни йиқилиб олинганлиги айтилган.

Ҳолатга болалар омбудсмани муносабат билдириб, боланинг қандай хулқда бўлишидан қатъий назар бундай чораларни оқлаб бўлмаслигини ва бу ҳаракатлар боланинг эрки ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига зид эканлигини маълум қилди.

Айни пайтда ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри ИИО ФМБ томонидан тегов ҳаракатлари бошланиб, Жиноят кодексининг 138-моддаси( зўрлик ишлатиб ғайриқониний равишда озодлик маҳрум қилиш) билан жинoят иши қўзғатилган.

Ш.Шнинг ҳақиқий отаси Ш.Э 2018-йилда автоҳалокатда, онаси Ш.А 2013-йилда соғлиғидаги муаммолар туфайли вафот этишган.

Bugun.uz мухбири Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизмати билан боғланиб вояга етмаган боланинг айнан қандай майда безориликлар содир этгани ҳақидаги берган саволига, жавобни эртага душанба куни, яъни 18 март 2024 йилда тақдим этилиши айтилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: