21:00 | 20.05.22

                       

Бугун оқшоми. Ўзбекистонда ошган ойликлар, кўпайган олтин, аниқланмаган маймун касаллиги ва Амир Темур хиёбонига картошка экмоқчи бўлган эркак

@bugunoqshomi — Бир кунда бир марта бериладиган хабарлар канали

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Дайжестни яхши янгилик билан бошлаймиз: Ўзбекистонда иш ҳақлари 12 фоизга оширилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев «Иш ҳақи миқдорини ошириш тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Маълум қилинишича, аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган чора-тадбирлар кўламини кенгайтириш ҳамда фуқароларнинг даромадларини изчил ошириб бориш мақсадида 2022 йил 1 июндан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдори 12 фоизга оширилади.

Шунингдек, 2022 йил 1 июндан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ойига 920 000 сўм, базавий ҳисоблаш миқдори эса ойига 300 000 сўм этиб белгиланади.

Қайд этилишича, бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдори оширилиши билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича 20 май куни комиссия тузилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, Коституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича комиссия тузилган. Унга Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Акмал Саидов раис бўлди. Комиссиянинг матбуот котиби этиб Одилжон Тожиев тайинланди.

Кенгаш таркибидан 46 нафар депутат ва сенаторлар жой олган. Комиссияга аҳолининг барча қатламларидан Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни олиш борасида вазифалар қўйилгган.

Қўшимча қилинишича, комиссия раиси ўринбосарлари этиб:

  • «ЎзЛиДеП» фракцияси раҳбари Акмал Ҳайитов;
  • «Миллий тикланиш» фракцияси раҳбари Алишер Қодиров;
  • Қорақалпоғистон Жўқори Кенгеси раиси Мурод Камолов;
  • Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов тасдиқланди.

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 2022 йил 1 май ҳолатига кўра 35,9 миллиард долларни ташкил қилди. Бу ҳақда Марказий банк ҳисоботида маълум қилинди.

Фото: «AP»

Унга кўра, захираларнинг валюта қисми март ойидаги кескин камайишдан кейин яна барқарорлашган ва апрель ойи билан солиштирганда ўсиш ҳажми 332 млн долларни ташкил қилган. Валюта захиралари ҳозирда 13,5 млрд долларни ташкил қилмоқда.

Бундан ташқари, олтин захиралари ҳам кўпайган — олтин ҳажмининг 345,24 кг га (10,9 млн дан 11,1 млн унциягача) ортгани сабабли, кўпайиш қиймати 444 млн долларни ташкил қилган. Ҳозирда захираларнинг олтин қисми 21,3 млрд долларни ташкил қилмоқда.

«Bugun.uz» маймун касаллиги Ўзбекистонда ҳам аҳоли орасида аниқлангани ёки йўқлиги тўғрисида Соғлиқни сақлаш вазирлигидан изоҳ олди.

Фото: «Bloomberg»

Эслатиб ўтамиз, Буюк Британияда Нигерияда бўлиб қайтган одамда маймун чечаги аниқланганди. Кейинчалик мазкур касаллик Швеция, Португалия, Испания, Италия ва АҚШда ҳам қайд этилди. Биз маймун касаллиги Ўзбекистонда ҳам аҳоли орасида аниқлангани ёки йўқлиги тўғрисида Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаев билан боғландик.

Маълум бўлишича, маймунчечак ҳозирга қадар Ўзбекистон фуқаролари ёки мамлакатга кириб келганлар орасида қайд этилмаган.

«Йўқ, бундай ҳолат кузатилмади. Касалликнинг олдини олиш чоралари бўйича мутахассис билан боғланиб, маълумот олганингиз маъқул», — деди вазирлик матбуот котиби.

Ўзбекистонда 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб ўқувчилар учун Ҳукумат қарори билан тасдиқланган мактаб формаси тўлиқ жорий этилади.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, Ҳукуматнинг 19 май кунги 271-сонли қарори билан 2022/2023 ўқув йилидан давлат мактабларида ўқувчилар учун мактаб формаси тўлиқ жорий этилади. Аввалроқ мактаб формаси 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб жорий этилиши режалаштирилганди.

Таъкидланишича, 2022 йил 1 июнгача ҳудудлар кесимида 2022/2023 ўқув йилида мактаб формаларига эҳтиёж аниқланади. Кам таъминланган оилалар фарзандлари учун мактаб формаси маҳаллий бюджет ҳамда «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» жамғармалари маблағлари ҳисобидан сотиб олинишида кўмаклашилади.

Шунингдек, 2022 йил 10 августдан ҳар бир туман (шаҳар)да мактаб формаси ишлаб чиқувчиларнинг савдо шохобчалари ташкил этилади.

Маълумот ўрнида, давлат мактаблари ўқувчилари учун ягона мактаб формаси шакллари Ҳукуматнинг 2015 йил 15 августдаги 666-сонли қарори билан тасдиқланган эди.

Фото: Вазирлар Маҳкамасининг 666-сонли қарорига 1-илова
Фото: Вазирлар Маҳкамасининг 666-сонли қарорига 1-илова

Тошкентда маст эркак Амир Темур хиёбонига картошка эктиришини айтиб, ноўрин хатти-ҳаракатлар қилди.

Кадр: Telegram / @mobilmuxbiruz

Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги Амир Темур хиёбонида икки эркакнинг маст ҳолатда ноўрин хатти-ҳаракатлар қилгани акс этган видео тарқалди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Маълум бўлишича, 1989 йил ва 1991 йилда Тошкент вилоятида туғилган А. И. ҳамда С. М. 2022 йил 17 май куни соат 23:20 лар атрофида Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Амир Темур хиёбонида ноўрин хатти-ҳаракатлар содир этган.

Маст ҳолдаги эркаклар жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, Ички ишлар органлари ходимлари эътиборини тортган. Шундан сўнг орган ходимлари уларнинг шахсига аниқлик киритиш мақсадида ички ишлар бўлими биносига таклиф қилган. Лекин эркаклар орган ходимларини уятли сўзлар билан ҳақоратлаб, уларнинг қонуний талабларини бажаришдан бош тортган.

Қайд этилишича, ҳуқуқбузарларга оид маъмурий иш ҳужжатлари жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг иш юритувига 19 май куни келиб тушган. Шу куни иш мазмунан кўрилиб, уларнинг ҳар иккисига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) ва 194-моддаси 1-қисми (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) билан ушбу кодекснинг 34-моддаси тартибида 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Хўш, оламда нима гап?

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Чжао Лицзянь Twitter’да АҚШ билан дўст бўлишнинг оқибатини маълум қилди.

Фото: «Getty Images»

Дипломат ўзининг твитида АҚШ собиқ давлат котиби Генри Киссинжернинг Вашингтон билан дўстлашишдан огоҳлантирган иқтибосини келтирган.

Жумладан, у «Американинг душмани бўлиш хавфли бўлиши мумкин, аммо Америка билан дўст бўлиш ҳалокатли» иқтибосни келтириб, «бунда савол дўст бўлиш ва бўлмасликда» деган.

Собиқ давлат котиби бу сўзларни Вьетнам уруши пайтида АҚШнинг 37-президенти Ричард Никсон инаугурацияси олдидан айтганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой расмийси NATO’га шарқ томон кенгаймаслик ваъдасини эслатганди. У NATO’нинг 1990 ва 2019 йиллардаги иккита харитасини эълон қилиб, АҚШ собиқ давлат котиби Жеймс Бейкернинг альянсни шарқда кенгайтирмаслик ҳақидаги ваъдасини маълум қилган.

Дипломат 1990 йилдан бери Совет Иттифоқининг сўнгги президенти Михаил Горбачев даврида таъминланган NATO’ни шарққа кенгайтирмаслик тўғрисидаги келишувдан кейин Шарқий Европанинг бир қанча давлатлари альянсга қабул қилинганини айтган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: