17:05 | 22.12.23
Элчихона ўзбекистонликларни одамларга товар сифатида қарайдиган жиноий контрабандачиларнинг ёлғони қурбони бўлиб қолмасликларидан огоҳлантирган.
Шу йилнинг 20 декабр куни Америка Қўшма Штатлари АҚШга ноқонуний кирган Ўзбекистон фуқароларини мамлакатдан олиб чиқишда ёрдам берди. АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ушбу ҳолатга изоҳ билдирди.
«АҚШ-Мексика чегараси орқали Қўшма Штатларга ноқонуний миграция хавфли ва қиммат ҳисобланади. Биз бундай ҳаракатларни кескин қоралаймиз ва ўзбекистонликларни одамларга товар сифатида қарайдиган жиноий контрабандачиларнинг ёлғонлари қурбони бўлиб қолмасликларидан огоҳлантирамиз. АҚШ чегаралари ноқонуний миграция учун очиқ эмас. Биз Ўзбекистон фуқароларини Қўшма Штатларга сафар қилишда хавфсиз ва қонуний йўлдан фойдаланишга ундаймиз», дейилади хабарда.
АҚШ мамлакатда қолиш учун қонуний асосга эга бўлмаган Ўзбекистон фуқароларини мамлакатдан чиқариб юбориш учун Ўзбекистон ҳукумати билан яқиндан иш олиб бораётгани қайд этилган. Ўзбекистоннинг Америка Қўшма Штатларидан чиқариб юборилиши шарт бўлган фуқароларининг ўз мамлакатига қайтишини осонлаштириш бўйича йўлга қўйган ҳамкорлик унинг халқаро мажбуриятларга содиқлигини кўрсатиши билдирилган.
АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтган шахслар унга камида беш йил давомида қонуний равишда қайта киришлари тақиқланади. Ноқонуний миграцияга ёрдам берувчи оила аъзолари ва бошқа кишилар ҳам доимий равишда АҚШ визаси олиш ҳуқуқига эга эмас деб топилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШга Мексика орқали ноқонуний кирган 119 нафар ўзбекистонлик ватанга қайтарилгани ҳақида хабар берилганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: