11:41 | 29.01.24

                       

Адиз Бобоев Ҳисоб палатаси раиси, Меҳридин Абдуллаев унинг биринчи ўринбосари этиб тайинланди

Бобоев Иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

Ҳисоб палатаси Президент раислигидаги йиғилишда Иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Адиз Музаффарович Бобоев Ҳисоб палатаси раиси лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Бундан ташқари палата раиси ўринбосари лавозимини эгаллаб келган Меҳриддин Раззоқович Абдуллаев палата раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинлангани эълон қилинди.

Адиз Бобоев тайинловга қадар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари лавозимида фаолият юритган. У 1972 йилда Бухоро вилоятида туғилган, маълумоти – олий. 1993 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаб, 2008 йилда ушбу университет аспирантураси илмий тадқиқотчиси сифатида таҳсил олган.

Ўз фаолиятини 1986 йилда Бухоро вилояти Вобкент туманида бригада бошлиғи сифатида бошлаган. 1993-1996 йилларда Бухоро вилояти Молия бошқармасида 1-тоифали иқтисодчи ҳамда етакчи иқтисодчи бўлиб ишлаб, 1996 йилда Бухоро шаҳар ҳокимлиги Молия бўлими бошлиғи ўринбосари бўлган.

Шунингдек, 1996 йилдан 2002 йилгача Бухоро вилояти Молия бошқармасида бош иқтисодчи, бўлим бошлиғи ўринбосари, бўлим бошлиғи лавозимларини эгаллаб келган. 2002-2007 йиллар давомида Бухоро шаҳар ҳокимлиги Молия бошқармаси бошлиғи ўринбосари ва биринчи ўринбосари сифатида ишлаган. Шу билан бирга, 2008-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги ҳузуридаги ташкилотларда бўлим бошлиғи ўринбосари, бўлим бошлиғи, ижро этучи директор ўринбосари, бошқарма бошлиғи ва департамент директори лавозимларида фаолият юритган.

Меҳриддин Абдуллаев 1969 йилда туғилган. 2020 йил январидан 2023 йил мартигача «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси лавозимида ишлаган. Ундан кейин Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари этиб тайинланганди.

Меҳриддин Абдуллаев 2006−2010 йилларда Ўзбекистон Миллий банки бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари, 2003−2006 йилларда Марказий банкнинг Бухоро вилояти бўйича бош бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган.

2010−2012 йилларда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижрочи директори, 2012−2015 йилларда молия вазири ўринбосари, 2015−2016 йилларда Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси ижрочи директори лавозимларида ишлаган.

2016 йилдан буён Бухоро вилояти ҳокимининг маъмурий масалалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва ёшлар сиёсати бўйича биринчи ўринбосари, 2017 йилда эса ҳокимликлар бошқарув тузилмаси янгилангандан сўнг вилоят ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари бўлган.

2017−2020 йилларда Ўзбекистон Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган. Тошкент давлат иқтисодиёт университети (1993) ва Тошкент давлат юридик институти (2005) битирувчиси ҳисобланади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: