22:11 | 27.05.24
Ўзбекистонда 2 та энергоблокдан иборат «3+» авлоди реакторларни ўз ичига олган қиймати 11 миллиард долларлик атом электр станцияси 10 йил давомида қуриб битказилиши режалаштирилмоқда.
Унинг умумий қуввати 2 400 МВт бўлиб, 2030 йилга келиб мамлакат электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг 15-18% ни таъминлайди. Мазкур АЭС, ВВЭР-1200 туридаги реакторларга эга бўлади ва Марказий Осиёда ягона бўлган замонавий атом электр станцияси деган ном олади.
2001 йилга қадар АЭС қуриш нега тақиқланган эди?
Ўтган асрнинг 80 йилларида Ўзбекистон ССРда атом электр станциясини барпо этиш ҳақида гап-сўзлар бошланади. Ўша пайтларда олиб борилган тадқиқотлар асосида Ўзбекистонда АЭС қурилиши учун 70 дан ортиқ мос майдонлар танланади. Аммо 2000 йилларгача Ўзбекистон ҳудудида атом электро станциясини қуриш масаласи тақиқланган масалалардан бири бўлганлиги ҳамда мамлакат ҳудуди сейсмик фаол зоналар ҳисобланишидан келиб чиқиб, АЭС масаласи эътибордан четда қолади. 2001 йилдан бошлаб бу борадаги ўрганишлар ва изланишлар яна старт олади. Фанлар академиясининг Ядро физикаси институти олимлари ва мутахассислари Ўзбекистоннинг АЭСга бўлган эҳтиёжлари билан шуғулланишни бошлашади.
АЭС барибир қурилади
Ўзбекистон ҳукумати мамлакатнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи ортиб бораётганидан келиб чиқиб, шунингдек, халқига арзон ва узлуксиз равишда етказиб бериш учун АЭС қуриш ҳақида якуний тўхтамга келади. Буни амалга ошириш учун дунёнинг ривожланган давлатлари АҚШ, Хитой, Франция, Россия ва Жанубий Корея билан музокаралар ўтказилади. Ҳукумат комиссиянинг якуний хулосаси ва танловига кўра Россия билан 2017 йил 29 декабрда Ўзбекистон ва Россия давлатлари ўртасида атом энергетикаси соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланиб, Ўзбекистонда Атом электр станциясини қуриши буйича лойиҳа тузилади.
АЭС қуриш учун жой танлови
2018 йилда «Ўзбекэнерго» компанияси АЭС қуриш бўйича 10 га яқин ҳудудлар ўрганилгани ҳамда текширувлар ҳали давом этаётгани ҳақида маълум қилди. Республика энерготизимнинг марказий қисми (Тошкент вилояти), шарқий қисми (Фарғона водийси), Самарқанд-Бухоро қисми, Сурхондарё қисмида (жанубий ҳудудлар) АЭСни қуриш имконияти кўриб чиқилади. Ўрганишлар давомида барча ҳудудларда АЭС қурилиши бўйича техник имкониятлар мавжудлиги, бироқ қурилаётган ҳудуднинг сейсмик даражаси, ҳудуддаги муҳандислик иншоотлари, табиий газ, электр тармоқлари, темир йўл ва бошқа коммуникацияларнинг жойлашуви кўриб чиқилади.
Шундан сўнг 2018 йилнинг 9 октябрида Бухоро ва Навоий вилоятлари чегарасида жойлашган Тўдакўл сув омбори яқинидаги ҳудуд атом электр станцияси қуриш учун қулай бўлган майдон сифатида танланди. Кейинчалик қурилиши режалаштирилган жой Тўдакўлдан Жиззах вилоятининг Фориш тумани Айдаркўл яқинидаги ҳудудга кўчирилади.
АЭС қурилишига старт
Россия Президенти Владимир Путиннинг 2018 йилнинг 19 октябрида Ўзбекистонга қилган давлат ташрифи давомида Президент Шавкат Мирзиёев билан биргаликда Марказий Осиёдаги илк атом станциясининг қурилишига бағишланган маросим ўтказилади. Президентлар АЭС қурилиши учун рамзий тугмани биргаликда босишади ва ишлар бошланиб кетади.
2019 йил 7 февралдаги 2019-2029 йилларда Ўзбекистонда атом энергетикасини ривожлантириш концепцияси ва уни амалга ошириш йўл харитаси тасдиқланди. Ҳужжатга кўра, қурилиш ишлари 2020 йилда бошланиши керак эди. Аммо бошланиш муддати яна икки марта ўзгарди ва қурилиш 2022 йилда бошланиб 2033 йилда тугаши ҳамда АЭС тўлиқ ишга тушиши режалаштирилди.
2023 йил июлда Ўзбекистон ва Россия ўртасида атом электр станцияси қуриш бўйича шартномалар охирги босқичга етгани, агар шартнома тезроқ имзоланса, россиялик мутахассислар АЭС қурилишини бошлашга тайёр эканликлари маълум қилинди.
АЭС зилзилага бардош бера оладими?
Ўзбекистондаги сейсмик фаоллик бу минтақанинг энг долзарб масаласидир. Шунинг учун қурилаётган АЭС юз бериши мумкин бўлган барча офатларни ҳисобга олиб қурилиши режалаштирилган. Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институти директори ўринбосари Илҳом Содиқовнинг баёнотига кўра, Россиянинг “3+” авлод реактори ҳатто, жиддий электр узилишлари ва ҳалокатларга олиб келадиган қаттиқ зилзила юз берган тақдирда ҳам, худди шундай ҳимоя тизимлари радиоактивликнинг реактор блокидан ташқарига чиқиб кетишига йўл қўймайди. Россияга мансуб барча “3+” авлод АЭС лойиҳалари 9 балл зилзилада хавфсизликни тўлақонли таъминлайди.
АЭС қурилиши ва эксплуатациясининг жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, Ўзбекистон учун ВВЭР-1200 лойиҳасини танлаш хавфсизлик ва ишончлилик омиллари билан асосланади. Қобиқнинг кучайтирилган ҳимоя конструкциялари, шунингдек, бинонинг ички конструкциясига зарар етказилишининг олдини олувчи тиргаклар кучли силкинишларга бардош беришда ёрдам беришига асосланади.
«МАГАТЭ» нима дейди?
Халқаро Атом Энергияси Агентлиги (International Atomic Energy Agency – IAEA) Бош директорининг ўринбосари М.Чудаков шундай дейди: 2030 йилга келиб Ўзбекистонда электр энергияга бўлган йиллик эҳтиёж 112 млрд кВт⋅соатдан ошади, буни қондириш учун эса Ўзбекистон кафолатли тарзда 121 млрд кВт⋅соат электр энергиясини ишлаб чиқариши лозим. Қуёш ва шамол электро станциялари мамлакатдаги барча станциялар умумий қувватининг 5,3% гачасини ва 15% ни бериши мумкин. Аммо уларнинг ўзига хос муаммолари сабаб, яъни шамол ЭСларининг баҳайбатлиги, унинг жуда ёқимсиз гувиллаши, ерни вибрациялаб туриши натижасида барча ер ости қуртлари юзага чиқиши, қуёш панелларида мишяк, хром ва симоб қўлланалиши, қўрғошин, мис, галлий ва кадмийнинг мавжудлиги табиатни кўпроқ зарарлантиради. Қуёш ЭСларда катта майдонларга ўрнатилган, «сотиб олинган» панеллар ҳам табиий ҳарорат режимини бузади.
Энергетика вазирлиги баёноти
Бугунги кунда Ўзбекистон энерготизими эга бўлган қувват – 12400 МВт ни (бу мамлакатдаги 48 та электр станциясининг умумий қуввати) ташкил қилади. 2030 йилга келиб иқтисодиётни тиклаш ва ривожлантириш бўйича режаларни таъминлаш учун 31000 МВт ишлаб чиқарувчи қувватлар керак, шу жумладан, авж нуқтадаги юкламаларни қоплаш учун 5000 МВт дан ортиқ тартибга солувчи қувватлар ҳам. Деярли бажариб бўлмайдиган вазифа: яқин беш йил ичида умумий қуввати 6700 МВт бўлган иссиқлик станцияларидаги эскирган энергоблокларни чиқариш кўзда тутилган. Буни компенсациялаш учун янги энергоблокларни киритиш зарур бўлади. Иссиқлик станциялари ҳолатида эса бу 35 млрд доллар туради. Ёки «буюк келажак» бўйича барча режаларимиз ҳақида унутиш керак бўлади.
Агар биз АЭСни 11 млрд долларга қурсак, бу вазифа амалга оширса бўладигандай бўлиб кўриняпти. Унда 2030 йилга келиб ишлаб чиқарувчи қувватлар тузилмаси қуйидагича бўлади:
Ва (дўмбиралар товуши!) АЭС қуввати 2400 МВт ни ёки зарур қувватнинг 7,5% ни ташкил қилади. Бу «атомли» фоизлар, бугун унчалик катта бўлиб кўринмаса-да, асосийси, режаларимиз бажарилишига ишонч беради. Ахир келгусида, ҳозирча Энергетика вазирлиги ходимларининг норасмий сўзларига кўра, бу АЭСнинг яна 2 та блоки қурилади. Айнан улар ўсаётган иқтисодиётнинг салмоқли эҳтиёжини қоплайди (у пайтда энди «газ-кўмир-гидро»га янги умидлар қолмайди).
Ҳозирги жараёнлар
Жорий йилнинг 26-27 май кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келган Владимир Путин билан Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилиниб, Форишда қурилаётган Марказий Осиёдаги ягона бўлган АЭС масаласида ҳам музокаралар ўтказилди. Бундан олдин, Ўзбекистон Республикаси Президентиниг 2024 йил 24 майдаги «Ер қаъридан фойдаланиш, саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги ҳамда атом энергиясидан фойдаланиш соҳаларида давлат бошқаруви ва назорати тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони имзоланиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ташкил этилиши белгиланди.
Қўмита атом энергетикаси ва ядро технологиялари объектларида радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлиги соҳаларида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш ва мувофиқлаштириш бўйича давлат ижро органи ҳисобланаши белгиланди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: