23:17 | 09.07.21

                       

Афғонистон армиясининг «Толибон» ҳаракати билан жанг қилаётган видеоси эълон қилинди

Ҳаракат давлатлардан Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаслигини сўраган

Афғонистон армиясининг турли ҳудудларда «Толибон» ҳаракати билан қандай жанг қилаётгани тасвирланган видео эълон қилинди. Бу ҳақда «Sputnik Тожикистон» хабар берди.

Фото: «Anadolu Agency»

Маълум қилинишича, «Толибон» ҳаракати вакиллари Афғонистоннинг бир нечта ҳудудлари, хусусан, Тожикистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Эрон билан чегарада жойлашган бир қатор аҳоли пунктларини эгаллаганини айтган.

Келтирилишича, ҳаракат, шунингдек, Афғонистоннинг иккинчи йирик шаҳри Қандаҳорга бостириб кирганини маълум қилган. Аммо ҳукумат бу хабарни рад этиб, ҳарбийлар ҳудудда тозалаш ишларини олиб бориш натижасида ҳаракатнинг баъзи аъзоларини ўлдиргани ёки жароҳатлагани ва жангариларга қаттиқ қаршилик кўрсатганини қайд этган. 

«Толибон» ҳаракати вакилининг маълум қилишича, улар қўшни давлатларнинг ҳудудларини эгаллашни мақсад қилмаган. Шу билан бирга, давлатлардан Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаслигини сўраган.

Маълумот ўрнида, «Толибон» ҳаракатининг фаолияти АҚШ ва НАТО қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиши фонида кучайган. Кўплаб ҳарбий экспертлар америкалик аскарлар кетганидан кейин Афғонистон ҳукумати қулашини таъкидлаган.

Аввалроқ «Толибон» ҳаракати Афғонистоннинг Эрон билан чегарадаги назорат пунктини эгаллаганини айтган, Афғонистондаги барча хорижий қўшинларга мурожаат қилган. Шунингдек, АҚШнинг Марказий Осиёда ҳарбий база қуришига оид янги маълумот берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: