11:09 | 04.11.23

                       

Алишер Навоий — дастлабки туркий «Хамса» муаллифи

Буюк аллома Алишер Навоий ҳақида маълумотлар, расмлар ва видеолар. Унинг асарлари маъноси ва кимга атаб ёзилганлиги ҳақида билиб олинг

Алишер Навоий ким? Навоийнинг таржимайи ҳоли

Алишер Навоий 1441 йилнинг 9 феврал куни ҳозирги Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрида туғилган. Алишер Навий шоир, мутафаккир ва давлат арбоби ҳисобланади. Тўлиқ исми Низомиддин Мир Алишердир. Навоий тахаллуси остида чиғатой (эски ўзбек тили) ҳамда форсийда (форс тилидаги асарларида) ижод қилган. Ғарб оламида чиғатой адабиёти ҳисобланмиш ўзбек адабиётининг энг йирик намояндаси сифатида қаралади. Алишер Навоий туркий оламнинг буюк шоири ва йирик шахси деб қаралади.

Алишер Навоийнинг ёшлиги қандай ўтган?

Навоий ёшлигидан Хуросоннинг бўлажак ҳукмдори Ҳусайн Бойқаро билан дўст бўлган ҳамда бирга улғайган. 10-12 ёшларидан шеърлар ёзишни бошлаган. Навоийнинг замондоши бўлмиш тарихчи Хондамир (1473(76) -1534) қолдирган маълумотларга кўра, машҳур шоир Лутфий (1369-1465) кексалик чоғларида Навоий билан кўришади ва унинг шеърий иқтидорини юқори баҳолайди.

Навоийнинг ҳаёти қандай ўтган?

Ҳаёти давомида Алишер Навоий мусулмон Шарқининг турли мамлакатларида бўлиб, ўз даврининг таниқли шахслари билан кўришган. Учрашувлар жараёнида Навоийнинг шеърий маҳорати ҳам ошган. 1464 -1465 йиллар Навоий ижодининг ихлосмандлари унинг илк шеърий тўпламини (девонлари) тайёрлашади. 1469 йилгача Темурийлар ўртасидаги ўзаро ички низолар сабаб аллома ўзининг она шаҳри Ҳиротдан узоқда яшашга мажбур бўлган.

Алишер Навоий ва Ҳусайн Бойқаро муносабатлари қандай бўлган?

1469 йил Темурий Ҳусайн Бойқаро Ҳиротни эгаллаб, Хуросон ҳукмдори бўлади. Шу вақтдан эътиборан, Навоий ҳаётининг янги босқичи бошланади. У мамлакатнинг сиёсий ҳаётида фаол иштирок эта бошлайди. Шу йили Хуросон ҳукмдори Навоийни давлат муҳрдори этиб тайинлайди. 1472 йилда эса, Навоий вазир лавозимига кўтарилади. Эгаллаган мансаби орқали Навоий мамлакатнинг маданий ва илмий тараққиётида катта ёрдам кўрсатади. Алишер Навоий фаолияти мобайнида мулк эгасига айланади.

Алишер Навоийнинг ҳайрия ишлари

Навоий 1480 йил Ҳирот шаҳрида ва бошқа вилоятларда ўз маблағидан бир нечта мадраса, 40 та работ (йўловчилар учун бекат, карвонсарой), 17 та масжид, 10 та сўфийлар тураржойи (хонақоҳ), 9 та ҳаммом, 9 та кўприк қурдиради. Бироқ, сарой амалдорларига Навоийнинг бу каби фаолияти ёқмайди ва турли фитналар орқали Ҳусайн Бойқаро билан муносабатлари бузилади.

Фото: Sputnik / Суратда Алишер Навоийнинг Сеул шаҳрида ўрнатилган ҳайкали тасвирланган.

Навоийнинг Ҳусайн Бойқародан узоқлашиши қандай бўлган?

Навоийга қилинган фитна сабаб у эгаллаб турган мансабидан озод этилиб, 1487 йил Астробод шаҳрига ҳукмдор сифатида юборилади. У Астрободда икки йил хизмат қилади. Мазкур муддат ниҳоясига етгачгина, Ҳусайн Бойқаро унга Ҳиротга қайтиб, ҳокимиятда мансабга эга бўлишига рухсат беради. Аммо, Навоий бу таклифни рад этади. Рад жавобига қарамай, Бойқаро унга султоннинг яқин кишиси лавозимини («мукарраби хазрати султани») таклиф этади. Бундай лавозимда Навоий барча давлат ишлари билан боғлиқ ишларда қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга эди.

Шу пайтдан Навоий ҳаётининг янги даври бошланиб, у кўпроқ ижод билан шуғуллана бошлади. Навоий яратган асарларининг салмоқли қисми айнан шу даврга тегишли. Алишер Навоий Темурийлар ҳукмронлигининг сўнгги даврида (1370-1506) яшаб ижод қилган. Шунинг учун ҳам, унинг асарларида жамоат руҳи, даврга хос муҳим муаммолар устунлик қилади. 1490-1501 йиллар Навоий ўз ижодидаги энг нафис, ижтимоий-фалсафий ва илмий асарларни яратган.

Алишер Навоийнинг Хамса асари

Навоий ижоди жуда катта масштабга эга. Олти достонининг ҳажми 60 000 га яқин мисрадан иборат. 1483-1485 йиллар Навоий ўз ичига беш достонни қамраб олувчи «Хамса» асарини яратган.

  • «Ҳайрат ул-Аброр» (Яхши кишилариинг ҳайратланиши);
  • «Фарҳод ва Ширин»;
  • «Лайли ва Мажнун»;
  • «Сабъаи сайёр» (Етти сайёра);
  • «Садди Искандарий» (Искандар девори).

Навоийнинг «Хамса»си туркий тилдаги мазкур жанрда яратилган илк асар ҳисобланади. Аллома бу иши билан туркий тилда ҳам бу каби йирик кўламдаги асар яратилиши мумкинлигини исботлаб берган. Дарҳақиқат, Навоий чиғатой тилида (эски ўзбек тили) ҳам форс-тожик адабиёти билан бир даражада турувчи асар яратиш мумкинлигини исботлашга ҳаракат қилган ва Хамсани ёзиш орқали бунинг уддасидан чиққан.

Алишер Навоий асарларининг маъноси қандай?

Навоий мусулмон Шарқининг деярли барча жанрларида ўз қаламини синаб кўрди ва ўз овози, ўз услуби борлигини кўрсата олди. Шарқ адабиётида «Лайли ва Мажнун» мавзусида 120 дан зиёд достон мавжуд. Навоий ҳам шахсий ёндашуви билан бу мавзуда достон ёзади. Достонда Лайли ва Мажнун ўртасидаги севги акс этади. Ўз ифодасига кўра, Навоий одамийлик ва сўфийлик севгисини шарҳлашга ҳаракат қилган. Навоий ўзининг сўфийлик қарашларини шунингдек, «Фарход ва Ширин», «Ҳайрат ул-Аброр» достонларида ҳам ифодалаган. Унинг достонларида сўфийлик мавзуси умумфалсафий даражага кўтарилган.

Фото: Тармоқлардан / Суратда Алишер Навоийнинг Кобул шаҳрида жойлашган мақбараси тасвирланган.

Навоий достонларида, бир вақтнинг ўзида алломанинг инсонпарварлик дунё қарашлари орқали дунёнинг долзарб муаммолари ўртага ташланади. «Хамса»даги бошқа икки достонда – «Сабъаи сайёр» (Етти сайёра), «Садди Искандарий» (Искандар девори) ҳукмдор билан боғлиқ муаммолар етакчи ўринга чиқади.

Алишер Навоий асарлари кимга аталган?

Маълум бўлишича, Навоий Темурийлар саройига яқин бўлиб, дўсти ва подшоҳ Ҳусайн Бойқарога таъсир кўрсата олган. Шу сабабли, Навоий бу достонларида Бойқарога қаратилган ғояларни ҳам ифодалаб ўтган: дунёнинг ва шоҳ тахтининг ўзгарувчанлиги; ҳукмдорнинг ўз халқи олдидаги мажбуриятлари.

Хамсанафислик анъаналарига нисбатан, Навоий ўзининг ижтимоий ва сиёсий қатъияти ҳамда ўзига хослиги билан ажралиб туради. Абдураҳмон Жомий (1414-1492) Навоийнинг «Хамса»сини ўқиб, унга жуда юқори баҳо берган.

Алишер Навоийнинг Марказий Осиё илм-фанида ўрни қандай?

Ўзининг ижтимоий ва бадиий моҳиятига биноан, Навоийнинг «Хамса»си Марказий Осиёда юқори ўринга эга бўлган. У кўп маротаба қайта кўчирилган. Ҳозирги кунда «Хамса» ёки Навоий достонларининг катта рўйхати мавжуд. Биргина Абу Райҳон Беруний номидаги шарқшунослик институти фондининг ўзида ХV-ХХ асрларда қайта кўчирилган 166 та қўлёзма бўлиб, улар тўлиқ «Хамса» асари ёки унинг алоҳида достонларини ташкил қилади. Шулардан 84 таси тўлиқ достон  кўринишида. Навоий «Хамса»сининг миқдори ва кенг ёйилиши уни Марказий Осиё интеллектуал ҳаётида алоҳида ўрин эгаллаганини англатади.

Алишер Навоий бутун ҳаёти давомида адабий асарларни сиёсат билан бирлаштирган ҳолда яратган. Юқори мартабали шахс бўла туриб, мамлакат ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий такомиллашишига катта ҳисса қўшган. Шунингдек, илм, фан, санъат ривожига ҳам ҳомийлик қилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: