15:58 | 18.04.23

                       

Андижонда 1,5 млрд сўмлик бажарилмаган қурилиш ишлари ҳисоботларга қўшиб ёзилгани аниқланди

Қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 13 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган

Давлат дастурлари ижро этилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича Республика штаби раҳбари, Бош прокурор ўринбосари Салом Самадов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан Андижон вилоятида қурилиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар аҳволи ўрганилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, вилоятда дастурлар доирасидаги бюджет маблағлари ҳисобидан 716 та объектда 1 триллион 48 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Ўрганишлар жараёнида 1,1 миллиард сўмлик сифатсиз ишлар бажарилгани ҳамда 1,5 миллиард сўмлик бажарилмаган ишлар ҳисоботларга қўшиб ёзилгани аниқланиб, камчиликларни жойида бартараф этиш чоралари қўрилган.

Шунингдек, аниқланган қонунбузилишлар бўйича 13 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди ҳамда йўл қўйилган камчиликлар бўйича 35 та ёзма кўрсатма берилиши таъминланган.

«Ўрганишлар якуни бўйича соҳа бўйича барча масъуллар иштирокида ўтказилган йиғилишда объектларни фойдаланишга топшириш, маблағларни иқтисод қилиш ва янгидан бошланувчи объектларга шаҳарсозлик хужжатларининг ишлаб чиқилишида буюртмачи ташкилотлар ва бошқа мутасаддилар томонидан сусткашликка йўл қўйилаётганлиги алоҳида таъкидланиб, бунга масъул бўлган шахсларнинг тушунтиришлари эшитилди ҳамда камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ муддатлар белгиланди», дейилади хабарда.

Аввалроқ Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳри Ислом Каримов МФЙ ҳудудидаги сифатга жавоб бермаган 9 қаватли турар жой биноси қурилиши ишлари тўхталигани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, пудрат ташкилоти раҳбари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 99-моддасига асосан жаримага тортилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: