11:36 | 11.10.23 1360
Андижон давлат университетида қарийб 40 млрд сўм пул талон-торож қилинди
Жумладан, аслида стипендиясиз таҳсил оладиган 8 минг 761 нафар талабага 25,1 млрд сўм стипендия ҳисобланган.
Андижон давлат университетида 39,3 миллиард сўм миқдоридаги нақд пул талон-торож қилинган. Бу ҳақда Ҳисоб палатасининг ягона «Масофавий назорат» маркази таҳлилида келтирилди.
Бунда қуйидаги ҳолатларда пул маблағлари ўзлаштириб олинган:
- контракт маблағлари ҳисобидан стипендиясиз шаклда таҳсил олган 8 минг 761 нафар талабага 25,1 миллиард сўм ортиқча стипендия ҳисобланиб, тўлов қайдномалари сохталаштирилган;
- талабалар томонидан тўланган 9,3 миллиард сўм тўлов-контракт суммалари университет ҳисоб рақамига кирим қилинмаган;
- талабаларга ҳисобланган 2,7 миллиард сўм рағбатлантириш маблағлари тарқатилмасдан, уларнинг имзолари сохталаштирилган;
- бюджет маблағлари ҳисобидан 2 минг 226 нафар талабага битта давр учун икки мартадан 1,1 миллиард сўм ортиқча ҳисобланган стипендия ўзлаштирилган;
- талабалар ётоқхона ижарасидан тушган 911,8 миллион сўмлик нақд пуллар университет ҳисоб рақамига кирим қилинмасдан ноқонуний ўзлаштирилган;
- университетга хизмат уйи харид қилиш учун жисмоний шахс билан 2,5 миллиард сўмлик тўғридан-тўғри шартнома тузиб, шундан 300 миллион сўми нотўғри ўтказилган.
Текшириш якуни билан расмийлаштирилган ҳужжатлар тўплами ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилгани маълум қилинди.