18:13 | 10.06.24
Андижонда бировнинг машинасини ўғирлаган йигит 5 йилга қамалди. Дастлабки тергов органи томонидан унга нисбатан нотўғри айблов қўйилгани аниқланди.
Андижонда қаровсиз қолган Cobalt русумли машинани ўғирлаган йигит 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Bugun.uz манбалари хабар берди.
Маълум қилинишича, судланувчи М.Қ 2024 йил 5 март куни соат 15.40 ларда фуқаро А.Б. бошқарувида бўлган Cobalt автомашинасига йўловчи сифатида чиққан. Улар «Автомобиль эҳтиёт қисмлари» бозори ҳудудига келган вақтида, ҳайдовчи А.Б. бозорга эҳтиёт қисм сотиб олиш учун кириб кетган ва М.Қ. автомашина қаровсиз қолганлигидан фойдаланиб, Андижон-Бўстон транспорт қатнов йўналиши бўйича машинани олиб қочган.
Судда айбланувчи М.Қ айбига иқрор бўлди. У Cobalt авторусумли машинани ҳайдаб кетгандан сўнг, йўлда уни ЙҲХБ тўхтатгани ва улардан қочиш учун машина рақамини олиб ташлаганини, йўлда Сobalt ёқилғиси тугаб қолиши оқибатида уни кўчада ташлаб кетишга мажбур бўлганини айтди. Маълумотларга кўра, М.Қ. ўз қилган ишидан пушаймон бўлган ҳолда ИИБга мурожаат қилиб, уларни машина олдига олиб борган. Машинага ҳеч қандай зарар еткизилмаган. Судда М.Қ. берилган жазога квалификация қилишни кўрсатиб, енгилроқ жазо тайинланишини сўради.
У Марҳамат туман судининг 2022 йил 3 августдаги ҳукмига мувофиқ Жиноят Кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 2-қисми «в,г» бандлари билан 4 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилингани маълум бўлди. Шунингдек, жиноят ишлари бўйича Оҳангарон туман судининг ажрими билан Жиноят Кодексининг 74-моддасига (Жазони енгилроғи билан алмаштириш) асосан судланвчи М.Қ.нинг ўталмай қолган 3 йил 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси, шу муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган.
Судда жабрланувчи А.Б. М.Қ.га нисбатан моддий ва маънавий зарарлар хусусида ҳеч қандай давоси йўқлиги ҳақида кўрсатув берди. Қўшимча гувоҳ О.Ю. эса М.Қ.нинг ёшлиги, эндигина уйланганлигини айтиб, суддан унга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашини сўраган.
Суд ҳайъати, судланувчи М.Қ.нинг жиноий ҳаракатлари квалификацияси масаласини муҳокама қилиб, дастлабки тергов органи томонидан унга нисбатан нотўғри айблов эълон қилинган деб ҳисоблади.
Суд қарорига кўра, М.Қ. Жиноят Кодексининг 267-моддаси (Транспорт воситасини олиб қочиш) 1-қисми билан айбли деб топилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: