12:48 | 25.11.23

                       

Андижонда имтиёзли кўмир беришни ваъда қилган ҳоким ёрдамчиси ушланди

У ўзининг кўмир омборига назорат учун масъул этиб бириктирилганлигидан фойдаланиб, маҳалла фаолидан пора талаб қилган.

Бош прокуратура Департаментининг хабар беришича, Андижон вилоятида 44 та хонадонга имтиёзли нархда кўмир ажратишни ваъда қилган ҳоким ёрдамчиси қўлга олинган.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Айтилишича, Жалақудуқ тумани ҳокими ёрдамчиси Д.И. куз-қиш мавсумида кўмир ёнилғиси етказиб берилишини назорат қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича ишчи гуруҳ аъзоси сифатида туман кўмир омборига назорат учун масъул этиб бириктирилганлигидан фойдаланиб, ушбу хонадонларга 8,1 тонна кўмирни имтиёзли нархда ажратиб бериши эвазига «У.К» МФЙ фаоли М.А.дан 600 АҚШ доллари пора талаб қилган.

Ҳоким ёрдамчиси ушбу пуллар ҳисобидан 7 миллион сўмни кўмир омбори ҳудудида ўзининг бошқарувидаги «Nexia-2» русумли автомашинасида  олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, туман ҳокимининг ёрдамчиси ушланган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, «Кўмир таъминот»нинг Тошкент вилояти филиали бошлиғи пора билан қўлга тушганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: