19:15 | 16.02.24

                       

Андижонда озиқ-овқат саноатидаги 342 та лойиҳага 220 миллион доллар ажратилади

Андижонда озиқ-овқат саноатидаги 342 та лойиҳага 220 миллион доллар ажратилади. Шунингдек, парранда боқишга мўлжалланган 20 та корхона ишга туширилади.

Андижонда парранда гўшти етиштиришни кенгайтириш мақсадида 1,5 миллион бош парранда боқиш қувватига эга 20 та корхона ишга туширилиши белгиланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Улуғнор ва Бўстонда 2 та йирик сутни қайта ишлаш корхонаси ташкил қилинади. Уй ва чорва хўжаликларида наслни яхшилаш бўйича янги тизим яратиш муҳимлиги таъкидланди. Озиқ-овқат саноатига хорижий бренд корхоналарини жалб қилиб, 342 та лойиҳага 220 миллион доллар ажратилиши айтилди.

Андижон, Улуғнор ва Жалақудуқда мева-сабзавотни қайта ишлаш қувватларини кўпайтириш, Андижон туманида йирик агрологистика марказини қуриш юзасидан ҳам мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.

Давлат раҳбари Марҳаматдаги пиллачилик кластери Андижоннинг барча туманлари ва республиканинг бошқа вилоятларига намуна бўлганини қайд этди.

Кластер 30 гектарда юқори ҳосилли тут экиб, кўчат ва хизмат кўрсатишдан йилига 25 миллион доллар экспорт қилмоқда, япон технологияси асосида 37 миллион долларлик ипакчилик комплексини барпо қилмоқда. Ушбу тажрибани ёйиш, барча туманларда камида 3 гектардан ҳосилдор тут экиш лозимлиги қайд этилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: