20:59 | 16.02.24

                       

Андижондаги санъат мактабига Шерали Жўраев номи берилади

Давлат раҳбари Андижон шаҳридаги санъат мактабига ўзбек қўшиқчилигига беқиёс ҳисса қўшган, Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти Шерали Жўраев номини беришни таклиф қилди. У Мусиқа ва санъат коллежига айлантирилиб, грант асосида янги истеъдод эгалари тарбияланади.

Хонобод шаҳрида 16 февраль куни Шавкат Мирзиёев раислигида Андижон вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш масалалари муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент бугунги йиғилиш улуғ шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур туғилган кунларда бўлиб ўтаётганига эътибор қаратиб, бу билан андижонликларни табриклади. Андижон шаҳридаги Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи янги ғоявий концепция асосида қайта қурилиши маълум қилинди.

Давлат раҳбари Андижон шаҳридаги санъат мактабига ўзбек қўшиқчилигига беқиёс ҳисса қўшган, Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти Шерали Жўраев номини беришни таклиф қилди. У Мусиқа ва санъат коллежига айлантирилиб, грант асосида янги истеъдод эгалари тарбияланади. Йиғилишда давлат раҳбари бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, ҳокимлар ва тадбиркорларнинг таклиф ва ташаббусларини эшитди.

Мажлисда таъкидланишича, мева-сабзавот етиштириш учун оилавий тадбиркорлик доирасида 100 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратилади, қурилмалар харид қилишга субсидия берилади, сердаромад экинлар уруғи ва кўчати харажатининг 30 фоизи қопланади.

Озиқ-овқат саноатига хорижий брендлар жалб этилади. Андижон туманида йирик агрологистика маркази қурилади. Дарё ва зовурлар, уларнинг атрофи тадбиркорларга ижарага берилиб, парранда ва балиқ боқиш йўлга қўйилади. Марҳаматдаги пиллачилик кластери Андижоннинг ҳамма туманларига намуна бўлди. Йўл бўйлари, дала, боғ ва ток четлари аҳолига бўлиб берилиб, 20 миллион тут экилади.

Ижтимоий соҳалар таҳлил қилинар экан, аввало, мактаб таълими сифатини оширишга эътибор қаратилди. Шу мақсадда 10-11 синф ўқувчиларига аниқ, табиий ва чет тили фанларидан бирини чуқур ўрганиш ёки ишчи ва ИТ касбларга ўқиш имкони яратилади. Бунинг учун мактабларда устахоналар ташкил этилиб, амалий машғулотни тадбиркорлар ўтказади.

Асака агротехнология техникуми билан Андижон қишлоқ хўжалиги институти ўртасида «2+2» дастури жорий қилинади. Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институтида бошқарув ва ўқитиш методикалари янгиланади. Вилоят шифохоналарини ривожлантириб, кардио, эндо ва микрохирургия йўналишида тиббий хизматлар экспортини 2 баробар ошириш мумкинлиги қайд этилди. Андижон шаҳридаги бир-бирига яқин жойлашган 8 та шифохонани кластер усулида бирлаштириш, Тиббиёт институти клиникаси негизида кўп тармоқли тиббиёт маркази ташкил қилиш бўйича таклифлар билдирилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: