10:29 | 17.01.24

                       

Андижонлик тадбиркор Раҳмиддин Мирзаев ва унинг отасининг ўлимини ёритган блогер судланди

Rash-milk компанияси асосчиси Раҳмиддин Мирзаев ўз уйининг боғида осилган ҳолда топилганди.

46 ёшли андижонлик тадбиркор 2022 йилнинг 25 июл куни соат 16:40 ларда Шаҳрихон туманидаги ўз уйининг боғида осилган ҳолда топилганди. Шундан сўнг, Андижон вилояти прокуратураси терговолди текширув ҳаракатларини ўтказиб, ҳолатда жиноят аломатлари аниқланмагани боис иш якунланганини маълум қилди.

Бироқ, You tube платформасида Dalil.uz номи билан фаолият олиб борган блогда тадбиркорнинг ўлимига айрим шахслар сабабчи бўлганлиги эҳтимоли ҳақида видеолар тайёрланиб, эълон қилинган.

Фото: Dalil.uz You tube саҳифасида эълон қилинган видеодан кадр

Хусусан, видеолардан бирида Мирзаенинг бизнес ҳамкорлари Шукуровлар унинг оиласига босим ўтказаётгани ва улар Мирзаевнинг ўғли Ҳ. Д. ни 4 йилга қамаб уларнинг мол-мулкларини толон-торож қилгани, шунингдек, Шукуровлар томонидан Ҳ. Д. га Steak house номли ресторанда босим ўтказилгани ёритилган. Видеода айтилишича, ресторанда икки ўртадаги низо оқибатида тадбиркорнинг отаси Д.М А.Ш. томонидан етказилган жароҳатидан ўлганлиги ҳақидаги фикрлар акс эттирилган.

Бундан ташқари, видеоларда Рахмиддин Мирзаевнинг Тошкент шахрида А.Ш. билан учрашганидан 3 кун ўтиб вафот этгани ва Шукуровлар унинг ўғли Ҳ.Д.ни 4 йилга қаматишгани таъкидланган.

Bugun.uz‘даги мавжуд маълумотларга кўра, суд ҳукми билан ресторандаги низо ортидан Р.М. ва Х.Д.лар Жиноят кодексининг 164-моддаси босқинчилик ва 277-моддаси безорилик билан айбдор деб топилиб, уларга нисбатан 4 йил 4 ой 25 кунга озодликдан махрум этиш жазоси тайинланган.

Dalil.uz томонидан You tube’га жойлаштирилган яна бошқа видеода ҳам Ш.Ж. ва Ш.А. вафот этган тадбиркор Раҳмиддин Мирзаев ҳамда унинг ўлимидан икки кун ўтиб вафот этган тадбиркорнинг отаси Д.М.нинг ўлимига сабабчи экани яна бир бор таъкидланган.

Ҳолат юзасидан ушбу блог юритувчиси 26 ёшли Назаров Машҳурбекка нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси (Туҳмат), 130-1-моддаси (Тазйиқни, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш), 141-1-модда (Шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш), 141-2-модда шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, 244-6-моддаси ёлғон ахборот тарқатиш каби моддалар билан жиноят иши қўзғатилган.

Ушбу жиноят иши устида кеча, 16 январ куни ЖИБ Мирзо Улуғбек туман судида судья Бердиев Бахром Бахтиёрович раислигида бўлиб ўтган суд мажлисида судланувчи Назаров Машҳурбек Жиноят кодексининг 139-моддаси билан айбли деб топилиб, 57-моддаси билан унга нисбатан БҲМнинг 50 баравари миқдорида (16 миллион 500 минг сўм) жарима жазоси тайинланган.

Назаров Машҳурбек қолган барча моддалар бўйича оқланган. Шунингдек, у ЖКнинг 47-моддаси тартибида бир йил муддатга блогерлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: