22:09 | 23.01.24

                       

Андижоннинг собиқ ҳокими қамалиб, қайтиб чиқишга ҳам улгургани ҳақида хабарлар тарқалди

Олий суд туман ҳокими ҳақидаги расмий маълумотларни очиқлади.

Андижон туманининг собиқ ҳокими Абдужаббор Эгамбердиевнинг қамалиб, ҳатто озодликка чиқишга улгургани ҳақида хабарлар ижтимоий тармоқларда сиздирилди. Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов собиқ ҳоким ҳақидаги расмий маълумотларни очиқлади.

Маълум қилинишича, жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти Марҳамат туман судининг 2023 йилнинг 8 февралидаги ҳукмига мувофиқ, 1974 йилда Андижон вилоятида туғилган, Андижон туманининг собиқ ҳокими Абдужаббор Эгамбердиев Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми «а» банди, 207-моддаси 1-қисми ва 229-4–моддаси 2-қисми «а»,«б» бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси 2-қисми ва 61-моддаси тартибида икки йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан икки йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Эгамбердиев ва унинг ҳимоячиси томонидан судга ўталмай қолган мансабдорлик лавозимлари ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосидан Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли озод қилиш ҳақидаги аризаси тақдим этилган.

Унга кўра, Жиноят ишлари бўйича Олтинкўл туман судининг 2024 йилнинг 18 январдаги ажрими билан А. Эгамбердиевнинг аризаси қаноатлантирилиб, у фақатгина ўталмай қолган 1 йил 3 ой 16 кун мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш қўшимча жазосини ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган.

Келтирилишича, бугунги кунда А. Эгамбердиев унга суд ҳукми билан тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари асосий жазосини белгиланган тартибда пробация гуруҳи ҳисобида ўтаб келмоқда.

Олий суд бу билан Эгамбердиев оқланмагани ва унинг оқланганлиги тўғрисида тарқатилган хабар ҳақиқатга мос келмаслигини қўшимча қилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: