11:57 | 11.08.23

                       

Қаршида чиқинди ташишга мўлжалланган 17 та ISUZU топширилди

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги чиқинди ташишга мўлжалланган замонавий машиналар бошқа вилоятларга ҳам етказиб берилиши режалаштирилганини қайд этган.

Қашқадарё вилоятида чиқинди ташиш билан шуғулланадиган Qashqadaryo ekotrans корхонасига 17 та ISUZU русумли чиқинди ташувчи замонавий техника топширилди.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Чиқинди ташиш Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан Осиё тараққиёт банки лойиҳаси доирасида имтиёзли харид қилинган.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Вилоят ҳокими Муроджон Азимов, Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази директори Шарифбек Ҳасанов ҳамда сектор раҳбарлари ҳайдовчиларга чиқинди ташиш машиналарининг калитларини топширишда иштирок этди.

Замонавий техника воситалари, албатта, экологияни тоза сақлаш, атроф-муҳитни чиқиндилардан ўз вақтида тозалашга хизмат қилади. Қолаверса, чиқинди ташувчи машиналарни олиб келиш орқали 50 дан ортиқ қўшимча янги иш ўринлари яратилди, – дейди вилоят ҳокими.

Qashqadaryo ekotrans корхонаси раҳбари Хўжамқул Нурқулов эса янги техникалар хизмат кўрсатиш сифатини янада оширишини таъкидлади.

Айни пайтда МЧЖ ихтиёрида 30 та чиқинди ташувчи махсус ва 14 та бошқа турдаги вазифаларни бажарувчи техникалар бор. Улар шаҳар аҳолисига хизмат кўрсатмоқда. Энди эса ихтиёримиздаги техникалар сони 61 тага етди. Табиийки, бу аҳолига янада яхшироқ хизмат кўрсатиш имконини яратади, — дейди Хўжамқул Нурқулов.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги чиқинди ташишга мўлжалланган замонавий машиналар бошқа вилоятларга ҳам етказиб берилиши режалаштирилганини қайд этган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: