22:08 | 14.12.23

                       

Қашқадарёда бўрини ушлаб олган шахслар уни автомобил юкхонасида қамаб қўйди – видео

Ижтимоий тармоқларда бўрининг қийноққа солингани ҳамда ўлдирилган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

Бир нечта фуқаролар бўрини машинага солиб, занжирлаётгани видеоси тарқалди. Тармоқ фойдаланувчилари томонидан йиртқичнинг қийноққа солинаётгани акс этган лавҳа норозилик уйғотди. Бу бўйича Қашқадарё вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси муносабат билдириб, ҳолат ўрганилганини маълум қилди.

Аниқланишича, 11 декабр куни Ғузор тумани, Яккадарахт МФЙда яшовчи фуқаро R.R. далада қўй боқиб юрган пайтида қўйларга бўри ҳужум қилган. Натижада бўри ушланиб, уйга олиб келинган ва машинага боғлаб қўйилган. Эртаси куни йиртқич ҳайвон борасида тегишли ташкилотларга хабар бермоқчи бўлишганида бўри ўша куни тунда қочиб кетгани маълум бўлган.

Бошқарма ижтимоий тармоқларда тарқалган бўрининг ўлдирилганлиги ҳақидаги хабарлар асоссиз эканини қўшимча қилган.

«Шу ўринда ёввойи ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлишни кескин қоралаймиз ва бу қонунда белгиланган тартибда қатъий жазога сабаб бўлишини яна бир бор эслатиб ўтамиз», дейилади хабарда.

Аввалроқ, «Сурхон» давлат қўриқхонасида ўрнатилган фотоқопқон тузоғига тушган бўрилар видеотасвири эълон қилинган эди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: