20:43 | 13.12.23

                       

Қашқадарёда фуқаро тез ёрдам ҳайдовчисини калтаклади

Беморнинг ўғли ҳайдовчининг юзига уриб, уни жароҳатлагани айтилмоқда.

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида бемор чақирувига асосан борган тез тиббий ёрдам ҳайдовчисини калтаклашди.

Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси берган маълумотларга кўра, туман шифохонасининг тез ёрдам бўлимига шу йилнинг 12 декабр куни соат 17:10 да «Қаҳрамон» МФЙга қарашли Хўжақўрғон қишлоғида яшовчи 61 ёшли аёлнинг қон босими ошиши сабабли чақириқ келиб тушган.

Туман шифохонасидан бемор хонадонигача бўлган 8 километрлик масофага «Тез тиббий ёрдам» бригадаси 14 дақиқадан сўнг, соат 17:24 да етиб борган.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига кўра, хонадонда беморнинг ўғли эканлиги тахмин қилинаётган шахс тез ёрдам ҳайдовчиси билан жанжаллашиб, унинг юз қисмига жароҳат етказган. Тиббий бригада аъзоси бўлган ҳамшира эса ўз бурчини бажариб, аввал беморга, сўнг ҳайдовчига биринчи ёрдам кўрсатган.  Машинани чақириқдан ортига қайтариш учун бошқа ҳайдовчи чақиртиришга тўғри келган.

Ҳолат юзасидан ИИВ органларига хабар берилиб, вазият вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг назоратига олинган.

Аввалроқ, Қашқадарёда фуқаро 59 ёшли шифокорни бўйнидан бўғиб, аёвсиз калтаклагани ҳақда хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: