14:45 | 19.12.23
Шавкат Мирзиёев ва Қатар Амири Тошкентдаги коррупцияга қарши курашни ифодаловчи монумент очилиш маросимида иштирок этишди. Давлат раҳбарларининг учрашуви ҳамда пойтахтда ўтказилган маросимдан фотолар тақдим этамиз.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний амалий ташриф билан Тошкентга келди.
Халқаро аэропортда олий мартабали меҳмонни Мирзиёевнинг ўзи кутиб олди. Бугун Ўзбекистон ва Қатар етакчиларининг музокаралари бўлиб ўтади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
19 декабр куни Tashkent city халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудида халқаро ҳамжамиятнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини ифодаловчи монументнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тантанали маросимда Шавкат Мирзиёев ва шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний иштирок этди.
Тадбирда БМТ Бош котибининг ёрдамчиси Александр Зуев ва хорижий мамлакатларнинг расмий шахслари ҳам қатнашди.
Кафти очиқ қўл кўринишида металлдан ишланган ушбу ўн икки метрлик композиция ҳалоллик, пок амал ва ниятларни, коррупцияга нисбатан мутлақ тоқатсизликни, дунёнинг барча мамлакатларини унга қарши курашишда бирлашишга чақириқни англатади.