12:02 | 12.12.23

                       

Азиз Абдуҳакимов Дубайдаги тадбирда Ўзбекистоннинг яшил таълим бўйича халқаро даражадаги ҳамкорликни мустаҳкамлаётганини таъкидлади

Унда Марокаш маликаси Лалла Ҳасна ва UNESCO Бош директорининг ёрдамчиси ҳам қатнашди.

БААда бўлиб ўтаётган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси иштирокчиларининг 28-конференцияси — COP28 доирасида UNESCO ўзининг биринчи юқори даражадаги йиллик сессиясини ўтказди ва унда Экология вазири Азиз Абдуҳакимов иштирок этиб, нутқ сўзлади.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

«Ўзбекистон яшил таълим бўйича халқаро даражадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда. Биз бу борада ўз позициямизга содиқмиз ва минтақавий стратегияга муносиб ҳисса қўшишда давом этамиз», – деган вазир.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

Тадбирда Ўзбекистонда ёшларни иқлим бўйича ҳаракатларга жалб этиш ва барқарор мактаб инфратузилмасини яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланган. Хусусан, Eco-school лойиҳасининг муваффақияти алоҳида қайд этилган.

«Ҳукуматимиз томонидан экологик таълимни кучайтириш асосий устувор вазифалардан бири сифатида белгилаб олинган. Атроф-муҳит муаммоларини самарали ҳал қилиш ва минтақада экологик муаммоларни бартараф этишга йўналтирилган Central Asian Green University — Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетининг ташкил этилиши ҳам бу йўлдаги муҳим қадам бўлди», – деган Абдуҳакимов.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

Тадбирда Марокаш маликаси Лалла Ҳасна, UNESCO Бош директорининг таълим бўйича ёрдамчиси Стефания Жаннини, IPCC — Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро гуруҳ вакили Диана Юрге-Ворсатс, UNICEF вакили Роберт Женкинслар ҳам иштирок этишган.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

Маълумот учун, БМТнинг Таълимни ўзгартириш саммитидаги Ёшлар декларациясига жавобан бошланган «Яшил таълим бўйича ҳамкорлик» (GEP) лойиҳаси ҳар бир талабани иқлим муаммоларига тайёрлашга қаратилган ҳамкорлик платформасидир. У тўртта асосий йўналишга қаратилган: мактабларни кўкаламзорлаштириш, ўқув дастурлари, ўқитувчилар малакасини ошириш ва жамоатчилик таълими. Айни дамда 82 дан ортиқ аъзо давлатлар ва 1100 дан ортиқ ҳамкорларга эга бўлган GEP глобал ва миллий даражада таълимни ўзгартириш учун ҳаракатлантирувчи куч сифатида эътироф этилмоқда.

Аввалроқ, Дубайда иқлим ўзгаришининг ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларига салбий таъсири бўйича анжуман ўтказилгани ҳақда хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: