19:47 | 18.12.23

                       

Азиз Воитовнинг қамоққа олиниши бўйича тафсилотлар очиқланди

Bugun.uz собиқ қишлоқ хўжалиги вазири қўлга олингани ҳақда хабар берганди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яшнобод тумани судида Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди ва 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилинувчи ва Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси (ушлаб туриш асослари) тартибида ушланган Азиз Воитовга нисбатан Бош прокурор ўринбосарининг қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномаси тақдим этилган ҳужжатлар билан кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов хабар берди.

Келтирилишича, жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг 2023 йил 14 декабрдаги ажрими билан Бош прокурор ўринбосарининг илтимосномаси қаноатлантирилиб, гумон қилинувчи Воитовга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, қамоққа олиниши ва тергов ҳибсхонасига жойлаштирилиши белгиланган.

Bugun.uz маълумотларига кўра, собиқ Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ишдан олинишидан аввал Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтказилган ёпиқ селекторда «ҳамма жойни коррупция қилгани учун» давлат раҳбаридан дакки эшитган.

Манбанинг алоҳида қайд этишича, Азиз Воитовнинг селекторда давлат раҳбаридан гап эшитиши махсус хизматлар Президентга собиқ қишлоқ хўжалиги вазири фаолияти билан боғлиқ барча ишлари ҳақида тўлиқ маълумот тақдим этганидан сўнг юз берган.

Азиз Воитов 1980 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, 2001 йилда Тошкент молия институтини тамомлаган. 2010 йилда Олий ишбилармонлик мактабида «бизнес бошқаруви» бўйича таҳсил олган.

Воитов 2022 йил август ойи охиридан бери вазир лавозимида ишлаб келаётганди. Бунгача эса – 2020 йил март ойидан бошлаб – Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг (ўша вақтда Сардор Умурзоқов) биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

Шу йилнинг 25 октябрида Азиз Воитов Қишлоқ хўжалиги вазири лавозимидан бўшатилганди. У ишдан олиниши фонида бир ярим ой ўтиб ҳибсга олинмоқда. Воитов фермерларнинг пахта нархлари бўйича шикоятлари кўпайиши ортидан ишдан олинган бўлиши мумкинлиги айтилган эди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: