22:15 | 25.10.23
Улар бу ҳаракатларни 1945 йилда Япониядаги Хиросима шаҳри ҳудудининг бомбардимон қилинишига қиёслашган.
Ғазодаги расмийларнинг айтишича, Исроилнинг анклавга зарбалари Хиросимани бомбардимон қилиш билан баробардир.
Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати билан алоқадор Ғазо сектори ҳукуматининг айтишича, можаро авж ола бошлаганидан бери Исроил АҚШ томонидан Иккинчи жаҳон уруши сўнггида Хиросимага ташлаган атом бомбаси кучига тенг портловчи моддаларни секторга ташлаган.
Расмийлар, шунингдек, Ғазода ҳар квадрат километрга ўртача 33 тонна портловчи моддалар ташланганини ҳам қайд этишган.
Можаро шу йилнинг 7 октябр куни эрталаб бошланган. Шундан сўнг ҲАМАС жангчилари Исроил жанубидаги чегара ҳудудларга кириб борган. Бунга жавобан Исроил мудофаа кучлари Ғазо секторида ҲАМАС’га қарши «Темир қиличлар» операциясини бошлашган. Бир неча кун ичида Исроил ҳарбийлари Ғазо билан чегарага яқин бўлган барча аҳоли пунктларини назорат остига олган ва чизиқдаги нишонларга, жумладан, тинч аҳолига ҳаводан зарбалар беришни бошлаган.
Шунингдек, Исроил Ғазо секторини тўлиқ блокадага олганини эълон қилиб, сув, озиқ-овқат, электр энергияси, дори-дармон ва ёқилғи етказиб бериш тўхтаб қолган.
Ғазо секторида қурбонлар сони беш мингдан ошди.15 мингдан ортиқ киши жароҳат олди. Исроилда, маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, 1,3 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган. Турли манбаларга кўра, 150 га яқин исроиллик ҲАМАС томонидан асирда бўлиши мумкин. Ҳаракатнинг ўзи Ғазо секторида 200-250 га яқин маҳбус борлигини маълум қилган.
Маълумот учун, 1945 йил 6 август куни америкалик учувчилар Япониянинг Хиросима ва 9 август куни Нагасаки шаҳарларига атом бомбаларини ташлашган. Атом портлаши ва унинг оқибатлари туфайли Хиросимада 140 минг, Нагасакида 74 минг киши ҳалок бўлган. Қурбонларнинг аксарияти тинч аҳоли вакиллари бўлишган. Фожиали воқеалар муносабати билан 6 ва 9 август кунлари Хиросима ва Нагасакида ҳар йили «Тинчлик маросимлари» тадбири ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ғазо секторида ҳалок бўлган болалар сони икки мингдан ошганлиги, Исроил-Фаластин можароларида қурбонлар сони кундан-кунга кўпайиб бораётганлиги ҳақда хабар берилганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: