11:07 | 18.10.23

                       

Ғазодаги шифохонага зарба берилди — асосий маълумотлар

Ҳужум оқибатида 800 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, шунингдек, яна бир қанча қурбонлар вайроналар остида қолмоқда.

Кеча, 17 октябр куни Ғазо секторидаги касалхонага зарба берилди. Бу ҳақда Al-Jazeera хабар берди.

Фото: Al-Jazeera

Қайд этилишича, Ғазодаги асосан бомбадан бошпана топган аҳоли, аёллар ва болалар – жами минглаб одамлар жойлашган «Ал-Аҳли» баптист шифохонасига зарба берилган. Оқибатда дастлаб 500 дан ортиқ одам ҳалок бўлгани маълум қилинди. Сўнгги маълумотларга кўра, қурбонлар сони 800 нафардан ошган. Шунингдек, вайроналар орасида янада кўпроқ одамларнинг жасадлари қолаётган бўлиши мумкин.

Фаластин президенти Маҳмуд Аббос ушбу воқеани «геноцид» ва «гуманитар фалокат» дея баҳолаган. У, шунингдек, бугун, 18 октябр куни АҚШ президенти Жо Байден билан белгиланган учрашувини ҳам бекор қилган.

Фото: Al-Jazeera

Дунё етакчиларнинг кўпчилиги Ғазодаги шифохонага қилинган ҳужумда Исроилни айблашига жавобан, мамлакат бош вазири Бинямин Нетаняху мазкур воқеа «Исломий жиҳод» гуруҳининг муваффақиятсиз ракета учириши натижаси эканини таъкидлаб, Исроил ҳарбийларининг бунга алоқаси йўқлигини айтган.

«Бизнинг болаларимизни шафқатсизларча ўлдирганлар ўз фарзандларини ҳам ўлдирдилар», – дейди у.

Қатар Ташқи ишлар вазирлиги ҳам бу бўйича баёнот бериб, «Исроилнинг Ғазо секторидаги касалхоналар, мактаблар ва аҳоли пунктларига нисбатан ҳужуми хавфли эскалация» эканидан огоҳлантирган.

Фото: Al-Jazeera

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон эса бутун дунёни «Ғазодаги мисли кўрилмаган шафқатсизликни тўхатишга» чақирган.

«Аёллар, болалар ва бегуноҳ тинч аҳоли яшайдиган шифохонага зарба бериш Исроилнинг энг асосий инсоний қадриятлардан маҳрум бўлган ҳужумларининг сўнгги намунасидир», деб ёзади у ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Иордания қироли Абдуллоҳ II буни «қирғин» ҳамда «ҳарбий жиноят» деб атаган. Шунингдек, у ҳам АҚШ раҳбари Жо Байден билан белгиланган учрашувини бекор қилган.

Фото: Al-Jazeera

Шифохонага қилинган ҳужумни, шунингдек, Канада, Эрон, АҚШ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Араб Лигаси каби бир қанча давлатлар ва халқаро ташкилотлар ҳам қоралаган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: