14:42 | 09.02.24
Тошкентда Глобал экологик фонд (GBF), БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда Экология вазирлиги ҳамкорлигида «Глобал биохилма-хиллик дастури – эрта ҳаракатни қўллаб-қувватлаш» лойиҳасини мувофиқлаштириш қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Лойиҳа мамлакатларга миллий биологик хилма-хиллик дастурлари, стратегиялари ва ҳаракат режаларини уйғунлаштиришни бошлашлари учун молиявий ва техник ёрдам кўрсатиш орқали Kunming-Monreal Глобал Биологик хилма-хиллик асосини амалга оширишга ва барвақт ҳаракатни тезлаштиришга қаратилган.
«Ўзбекистонда биохилма-хилликни сақлаш бўйича 1-миллий стратегия ва ҳаракатлар дастури 1998 йилда, 2-дастур эса 2019 йилда қабул қилинган. Мазкур дастурда вазифалар 2010–2020 йилларга мўлжалланган мақсадлардан келиб чиқиб белгиланган. 2022 йилдаги 3-дастурга эса янги вазифалар киритилди. Бунга кўра, миллий стратегияни қайта кўриб чиқиб, 2030 йилгача мўлжалланган, биохилма-хилликни сақлашга қаратилган янги мақсад ва вазифалар билан бойитишни мақсад қилганмиз», — деди Экология вазирлиги Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар бўлими бошлиғи Халилулла Шеримбетов.
Тадбирда Мувофиқлаштирувчи қўмита тўғрисидаги низом, унинг шахсий таркиби, амалга оширилган ишлар бўйича лойиҳа ҳисоботи ва 2024-йилга мўлжалланган лойиҳа чора-тадбирлар режаси тасдиқланган.
«Лойиҳа Ўзбекистонда ўтган йилнинг апрель ойида бошланган. Унинг вазифалари мавжуд миллий мақсадларнинг глобал асосга мос келишини таъминлаш учун уларни танқидий кўриб чиқишдан иборат. Шунингдек, лойиҳа доирасида биз биохилма-хилликни муҳофаза қилиш ва сақлашни кучайтириш бўйича тавсиялар бериш мақсадида мавжуд мониторинг тизимини, биологик хилма-хиллик сиёсатини ва турли конвенциялар ўртасидаги муносабатларни кўриб чиқиш ва таҳлил қилишни режалаштирмоқдамиз», деди — ‘Глобал биохилма-хиллик дастури — барвақт ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш’ лойиҳаси раҳбари Сергей Загребин.
Биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича миллий стратегия ва ҳаракатлар режасининг янги интеграл кўрсаткичларини тайёрлаш ва мувофиқлаштириш бўйича «Йўл харитаси»нинг тасдиқланиши Мувофиқлаштирувчи қўмита йиғилишининг муҳим натижаси бўлди. Мақсадлар 2024 йилда тайёрланади ва Kunming-Monreal Глобал Биологик хилма-хиллик доираси (GBF) да белгиланганидек, Конвенция Котибиятига тақдим этилиши режалаштирилган.
Биологик хилма-хиллик асослари мақсад ва вазифаларига эришишда мамлакатларни қўллаб-қувватлаш учун Глобал экологик фонд дунёнинг 138 та давлатида BMTTD ва UNEP билан биргаликда амалга оширилаётган глобал лойиҳани молиялаштирган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: