19:11 | 19.12.23

                       

Блогер Bekoff жазога тортилди

Bugun.uz мухбири вилоятлик блогерларга «Ўзи асфалт кўрганмисизлар» дея видео йўллаган Бекзод Маҳамедбековнинг суд жараёнида иштирок этди.

Вилоятлик блогерларга нисбатан ижтимоий тармоқлар орқали ҳақоратомуз чиқишлар қилиб келган Bekoff тахаллуси остидаги блогер Бекзод Маҳамедбеков ўзининг навбатдаги видеоси чиқишини Ўзбекистоннинг қатор вилоятларидан Тошкент шаҳрига келиб, пойтахтда ўз фаолиятини олиб бораётган блогерларга йўллади.

Видеода уларнинг пойтахтдаги муаммоларни ёритишига қарши чиқиб, ўз вилоятларига қайтиб кетишларини сўраган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

«Вилоятдан келган блогерлар ‘Тошкент шаҳримиз’, ‘дарахтларни кесиб ташлаяпсизлар’, ‘йўллар, остановка, бизнинг шаҳримиз’, деб ҳокимни ёмонлаб қўйишади. Тошкентни тошкентлик блогерларга қўйиб бера қолинглар, илтимос. Жонга тегиб кетди. Кўнглимиз айнияпти, тўғриси. Сизлар ўзи асфалт кўрганмисизлар?!», — деган у.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Видео қатор тармоқларда тарқалганидан сўнг, Twitter’нинг ўзбек сегменти фаоллари уни судга берган. Асосий даъвогарлар Oyina.uz журналисти Инобат Ахатова, юристлар Камола Алиева ва Комила Абдуллаевалар бўлиб, уларнинг аризасига тармоқнинг яна ўнлаб фаоллари қўшилган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Шундан сўнг, блогер ижтимоий тармоқлар орқали яна бир бор чиқиш қилиб, тарқалган видео бундан икки йил аввал олингани, одамлар уни контекстдан юлиб, нотўғри талқин қилаётганини айтиб чиқди.

Ҳолат юзасидан бугун, 19 декабр куни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман судида Бекзод Маҳамедбековга нисбатан бўлиб ўтган судда Bugun.uz мухбири иштирок этиб, суднинг якуний қарори бўйича маълумот берди. Унга кўра, блогер Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41- моддаси билан БҲМнинг 20 баравари миқдорида жаримага тортилди. Шунингдек, унга бир йил ичида  ушбу ҳолат такрорланса, жиноий жавобгарликка тортилиши эслатилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: