16:42 | 01.12.23
Олимжон Ҳайдаров жазони умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланди.
Бугун, 1 декабр куни жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судида Олимжон Ҳайдаровга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни якунланиб, унга нисбатан 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди, деб хабар бермоқда Олий суд матбуот котиби.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судининг раиси А. Эргашев эълон қилган ҳукмга кўра, Олимжон Ҳайдаровнинг айбловидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «а» банди чиқарилиб, у Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 2-қисми, 3-қисми «а» банди, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми «а» банди ва 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга Жиноят кодексининг 59 (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61 (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) моддалари тартибида 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.
Шунингдек, Мажбурий ижро бюроси зиммасига ижтимоий тармоқлардаги О. Ҳайдаровга тегишли барча канал, саҳифа ва гуруҳларни ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг ўчирилиши (блокланиши)ни таъминлаш юклатилган.
Жабрланувчи С.М.га жиноят оқибатида етказилган моддий зарар ундириш бўйича тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинмаганлиги сабабли, моддий ва маънавий зарар ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судига мурожаат қилиш ҳуқуқи борлиги тушунтирилган.
Биринчи инстанция судининг ҳукмидан норози тарафларда жиноят-процессуал қонунчилигида белгиланган тартиб ва муддатда Фарғона вилоят судининг апелляция инстанциясига шикоят бериш ва протест келтириш ҳуқуқи мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, Фарғоналик блогер ва жамоатчилик фаоли Олимжон Ҳайдаров шу йилнинг 29 июл куни товламачиликда гумонланиб қўлга олинганди. Расмийлар у Қўқондаги бозор ҳақида салбий мазмундаги мақолани чиқармаслик учун пул талаб қилганини таъкидлаган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: