21:20 | 09.04.24

                       

Болалар ва ўсмирлар ёзувчилари билан 15 та асарга ижтимоий-буюртма учун шартнома имзоланди

АОКАда болалар ва ўсмирлар ёзувчилари билан ижтимоий буюртма асосида шартнома тузиш юзасидан бўлиб ўтган учрашувда ушбу масала атрофлича муҳокама қилинди.

Президентнинг адабиёт ва китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тегишли топшириғи асосида АОКА томонидан болалар учун машҳур алломаларнинг илмий-маърифий мероси ҳақида улар томонидан ёзилган ҳамда уларнинг ибратли ҳаёти ва фаолиятига бағишланган, махсус, ихчам асарлар яратиш дастур лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Лойиҳага кўра, жорий йилда 50 га яқин болалар ва ўсмирлар ижодкорларининг янги номдаги китобларини ижтимоий буюртма сифатида чоп этиш, шунингдек, 2025-2030 йилларда ҳар йили энг камида 50 нафарга яқин ижодкорга ижтимоий буюртма бериш режалаштирилган.

Кеча АОКАда болалар ва ўсмирлар ёзувчилари билан ижтимоий буюртма асосида шартнома тузиш юзасидан бўлиб ўтган учрашувда ушбу масала атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашув доирасида дастлабки босқичда 15 та асар учун ижтимоий-буюртма асосида 30 фоизлик гонорар тўлови бўйича шартномалар имзоланди.

Дастлабки босқичда Имом Бухорий, Абу Райҳон Беруний, ибн Сино, Нажмиддин Кубро, Паҳлавон Маҳмуд, Амир Темур, Бибихоним, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулла Авлоний, Турсунбой Адашбоев каби буюк аждодларимизнинг болалиги, улар кўрсатган жасорати, юрт равнақи йўлида амалга оширган хайрли ишларини фарзандларимизга болалар тилида етказиш ният қилинган.

Шу орқали ёш авлодни улуғ аждодларимизнинг илмий-маърифий ва маънавий мероси билан янада кенгроқ таништириш ва уларнинг ибратли ҳаётига бағишланган махсус асарлар яратиш орқали уларда миллий ғурур, ватанпарварлик туйғуларини янада ривожлантириш, шунингдек, болалар ёзувчи ва шоирлари ижодий фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва замонавий адабиётни ривожлантириш мақсад қилинган, деди Агентлик директори ўринбосари Ғ.Бозоров.

Маълумот сифатида таъкидлаш лозимки, жорий йилнинг октябрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро болалар китоби кўргазмасида ушбу китоблар тақдимотини ўтказиш режалаштирилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: