11:32 | 14.03.24

                       

«Боқий Бухоро» атрофидаги гаплар: жамоатчилик эътирозларига жавоб берилди

Этнопарк ҳудудида иккита маданий мерос объекти мавжуд. Лойиҳа концепциясига кўра, ушбу маданий мерос объектлари ўз ўрнида ва асл ҳолича сақлаб қолинади.

«Боқий Бухоро» тарихий-этнографик парки қурилиши жамоатчилик эътирозларига ва кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Мазкур лойиҳа ЮНEСКО билан келишилмагани маълум қилинган. Шундан сўнг масъуллар бу ҳали лойиҳа эканини, тегишли хулосаси олинган ҳолда, якуний қарор қабул қилиниши ва шундан сўнг қурилиш ишлари бошланишини айтган.

Фото: Bugun.uz

Бухоро шаҳрининг жами 32,6 гектар майдонида «Боқий Бухоро» тарихий-этнографик парки барпо этилиши февраль ойида маълум қилинди. Унга кўра, ушбу ҳудудда жойлашган 14 та давлат объектлари «снос»га учраб, Bukhara City мажмуаси ҳудудидан ўрин эгаллайди. Аҳоли ва ишбилармонларга тегишли тадбиркорлик объектлари «снос» объекти сифатида баҳоланиб, маблағлари олдиндан қопланиши режалаштирилган. Шунингдек, барпо этилиши кўзда тутилган манзилда бирорта фуқаронинг яшаш жойи йўқлиги сабаб уларнинг манфаатига зиён етмаслиги билдирилди.

Ушбу масала юзасидан аҳолида туғилган саволларга жавоб бериш мақсадида бузилиши режалаштирилган ҳудудга пресс-тур уюштирилди. Унда демонтаж, объектларни кўчириш, транспорт ва логистика харажатлари кимнинг ҳисобидан бўлиши каби саволларга жавоб берилди. Бухоро шаҳри ҳокими Жамол Носиров битта хорижий турист Бухоро шаҳрида 1 кун юрганда ўртача 300 доллар сарф қилаётганини айтди.

Бизнинг мақсадимиз бугунги кунда хорижий сайёҳнинг қолиш даврини 5-7 кунга чўзиш йўлларини ўйлаяпмиз. Бу учун инфраструктура жуда ҳам керак. Сайёҳларга замонавий меҳмонхона, овқатланиш шохобчалари ва бошқа зарурий муассасалар жуда ҳам керак. Қурилиши режалаштирилган туристик марказ биз ўйлаган режаларни амалга ошириш имконини беради. Бу ерда қурилиш ишлари хусусий инвесторлар томонидан амалга оширилади. Давлат ҳеч қандай пул тикмайди. Компенсациялар масаласида 7 та тадбиркор билан гаплашдик, дастлабки музокараларни бошладик, улар бу лойиҳага хайрихоҳ. Уларнинг мулклари бозор нархида баҳоланади ва ўша компенсациялари тўлаб берилганидан кейин мулклари бузилади, — деди Бухоро шаҳри ҳокими Жамол Носиров.

Бухоро вилояти бош архитектори Зуҳриддин Муҳиддинов мазкур лойиҳани қуриш ишлари учун нега бир йил кутилганини тушунтирди. Унга кўра, ушбу масала ўтган йили кўтарилганида ушбу ҳудудда қурилиши режалаштирилган туризм марказининг лойиҳа-режаси, бу концепция нималардан иборат, ушбу мажмуа ўз ичига қанақа, қайси тоифадаги биноларни қамраб олади, нимага хизмат қилади, ҳозирги мавжуд биноларга солиштирганда ўзи яхшими ёки ёмонми, кимга яхши, кимга ёмон, маҳаллий аҳолига, келадиган меҳмонларга қулайлик томони ва бошқа томонларини таҳлил қилиш учун ишлаб чиқилган концепция мавжуд эмас эди.

Фото: Bugun.uz

Бугунги кунда мутахассислар, экспертлар, туризм соҳаси вакиллари билан биргаликда туризм марказида қурилиши режалаштирилган объектларнинг концепцияси чуқур ўрганишлар натижасида ишлаб чиқилди. Бу ерда асосан маъмурий бинолар ва спорт мажмуаси (марказий ўйингоҳ) жойлашган ва бир қисм тадбиркорларга тегишли бино ва иншоотлар мавжуд. Маъмурий бинолар вилоят ҳокимлиги, прокуратураси, шаҳар ҳокимлиги каби объектларни янгидан қуриш бўйича, маъмурий марказ ёки мавжуд Bukhara City мажмуасида янги маъмурий марказни жойлаштириш бўйича лойиҳа ишлари амалга оширилди. Бош режа ишлаб чиқилиб, концепцияга киритилди. Янги жойда қурилиши режалаштирилган бинолар этнопарк ҳудудининг сотилишидан тушган маблағлар ҳисобидан бунёд этилади. Бундан ташқари, марказий ўйингоҳ ҳам янги қуриладиган ҳудудда шу объектлар сотилишидан тушган маблағлар ҳисобидан қурилиши режалаштирилгани айтилди.

Фото: Bugun.uz

Келтирилишича, этнопарк ҳудудида иккита маданий мерос объекти мавжуд. Лойиҳа концепциясига кўра, ушбу маданий мерос объектлари ўз ўрнида ва асл ҳолича сақлаб қолинади. Бухоро вилоят маданий мерос бошқармаси бошлиғи Шоҳаббос Шарофиддиновнинг таъкидлашича, қурилиш ишлари ЮНEСКО талабларига амал қилган ҳолда бажарилади. Шунинг учун экспертлар жалб қилиниб, улар билан биргаликда иш олиб борилади.

Эски шаҳар билан ёндош ҳудудда иккита маданий мерос объекти мавжуд. Лойиҳа концепциясига кўра, ушбу маданий мерос объектлари ўз ўрнида ва асл ҳолича сақлаб қолинади. Қурилиш ишлари ЮНEСКО талабларига амал қилган ҳолда бажарилади. Мажмуа марказида мусиқали фаввора ҳам ташкил этилиши кўзда тутилган. Этнографик парк барпо этилишида халқаро экспертлар гуруҳи ва маҳаллий мутахассислар жалб этилади. Бу ҳудуддаги барча ишлар ЮНEСКО Бош конференцияси томонидан 1972 йил 16 ноябрда қабул қилинган Умумжаҳон маданий ва табиий мерос муҳофазаси бўйича конвенция талаблари асосида амалга оширилади.

Агар ЮНEСКО конвенциясида айнан маданий мерос объектларига ёндош ҳудудда қурилиш қилиш мумкин эмас, деган тақиқ бўлганда эди, ушбу лойиҳа борасида умуман бош қотирмаган бўлардик. Ёндош ҳудудда қурилиш қилиш мумкин, лекин бу ЮНEСКО талаблари асосида амалга оширилади. Биз кўзда тутган лойиҳада ушбу талаблар инобатга олинган. Шунинг учун экспертлар жалб қилиниб, улар билан биргаликда иш олиб боряпмиз. Ўтган йилги шов-шувларга қайтадиган бўлсак, ўшанда ҳам улар қарши бўлмаган, фақат лойиҳа билан танишиш, лойиҳа ҳақида маълумотга эга бўлиш талаби қўйилган. Ва шу сабаб ҳам жараён бир йил муддатга тўхтатилган эди.

Бугунги кунда эса лойиҳа юзасидан соҳа мутахассислари, экспертлар, олиму зиёлилар, архитектор, археолог ва бошқаларнинг хулосалари олинди. Конвенция талабларида нималар кўзда тутилган бўлса, максимал даражада шуларни эътиборга олиб, ушбу йирик лойиҳани ишлаб чиқдик. Экспертлар тез кунда Бухорога келишади ва лойиҳани биргаликда амалга оширишга киришамиз. Лойиҳа жараёнида қандайдир ўзгариш ёки таклифлар киритиладиган бўлса, албатта, инобатга оламиз. ЮНEСКО билан ҳамкорликда, ҳамжиҳатликда шариф шаҳар марказида мисли кўрилмаган бетакрор маскан тортиқ этамиз, — деди Шоҳаббос Шарофиддинов.

Бундан ташқари, мазкур ҳудуддаги дарахтларнинг тақдири хусусида ҳам маълумот берилди. Таъкидланишича, барча дарахтлар сақлаб қолинади, мажмуанинг 70 фоиз ҳудуди яшил ҳудуд сифатида қурилади. «Бухоро спорт» мажмуаси директори Алибек Содиқов бузилиши режалаштирилган марказий ўйингоҳ ҳақида тўхталар экан, мажмуа то қуриб битказилгунича машғулотлар йўналиши бўйича яқин атрофдаги спорт мактабларида ўтказиб турилади.

Фото: Bugun.uz
Фото: Bugun.uz
Фото: Bugun.uz
Фото: Bugun.uz
Фото: Bugun.uz
Фото: Bugun.uz

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: