7:59 | 14.02.24

                       

Бош вазир ва вазирлар ҳар ярим йилда Қонунчилик палатасига ҳисобот тақдим этади

Вазирларнинг Олий Мажлис, Президент ва жамоатчиликка ҳисобот бериш ҳамда ҳисоботни очиқ эълон қилиш каби йўналишлар бўйича масъулияти ва шахсий жавобгарлиги кучайтирилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида депутатлар томонидан «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Фото: Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Мазкур масала бўйича адлия вазири Акбар Тошқулов маълумот берди. Унга кўра, маъмурий ислоҳотлар доирасида ишлаб чиқилган, 10 та боб, 55 та моддадан иборат мазкур қонун лойиҳасида бир қатор янгиликлар назарда тутилмоқда. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг мақоми, таркиби ва уни шакллантириш тартиби, ваколатлари, Вазирлар Маҳкамасининг фаолиятини ташкил этиш, унинг Раёсати тўғрисидаги бир қатор моддаларга тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда. Қонун лойиҳаси билан Бош вазир ўзининг ўринбосарлари ва вазирлар билан биргаликда ҳар ярим йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига «Ўзбекистон—2030» стратегияси бажарилиши бўйича ҳисобот тақдим этиши кўзда тутилмоқда.

Янги таҳрирдаги Конституциядан келиб чиқиб, ҳукуматнинг иқтисодиёт, буджет, молия, солиқ, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларидаги ваколатлари кенгайтирилмоқда. Шу билан бирга, мазкур қонун лойиҳасининг Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг мақоми тўғрисидаги 4-моддасида республика ижро этувчи ҳокимият органларининг (вазирлик, қўмита, агентлик, инспекция), хусусан, ҳудудий бўлинмалар кесимидаги ҳар бирининг мақоми, уларни ташкил этиш ва тугатишнинг аниқ, ягона тартиби ҳамда бир-биридан фарқловчи мезонлар белгилаб берилмоқда.

Шунингдек, вазирларнинг ўзи раҳбарлик қилаётган вазирликда ишни натижадор ва самарали ташкил этиш, бириктирилган соҳа ва тармоқларда ягона давлат сиёсатини самарали олиб бориш, уни ривожлантириш бўйича мақсадли кўрсаткичларга эришиш, йил якунигача мақсадли кўрсаткичлар (индикаторлар)га эришиш ҳолати юзасидан Олий Мажлис, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва жамоатчиликка ҳисобот бериш ва ҳисоботни очиқ эълон қилиш каби йўналишлар бўйича масъулияти ва шахсий жавобгарлиги кучайтирилмоқда. Муҳокамалар давомида депутатлар томонидан бир қатор аниқлаштирувчи саволлар ва таклифлар ўртага ташланди. Шундан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: