16:45 | 22.05.24

                       

Божхоначилар қарийб 1 млрд сўмлик имтиёзни ноқонуний ўзлаштирмоқчи бўлганларни ушлади

Божхоначилар қарийб 1 млрд сўмлик имтиёзни ноқонуний ўзлаштирмоқчи бўлганларни ушлади. Улар транспорт вазнини 2 тонна кўп ёзган.

Тошкентдаги божхона постида ёнилғи ташиш машинасини ҳужжатларда «оғирлаштириш» орқали 791 миллион сўмлик божхона имтиёзларини ўзлаштиришга уриниш фош қилинди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, автотранспорт воситаларининг рухсат этилган массаларига кўра, икки ўқли транспорт воситасига тушувчи оғирлик 18 тонна қилиб белгиланган. Аммо ушбу ҳолатдаги транспорт воситаси икки ўқли бўлса-да, ҳужжатларда унинг юк кўтариш қобилияти тўла вазни билан ҳисоблаганда 20 тонна 640 килограмм деб кўрсатилган.

Амалдаги тартибларга кўра, ишлаб чиқарилганига 7 йилдан ошмаган, юк билан ҳисоблаганда тўлиқ вазни 20 тоннадан ошадиган махсус ва юк транспорт воситалари 2025 йил 1 январга қадар божхона тўловларидан озод этилган.

«Айни шу имтиёздан фойдаланиш орқали мазкур транспорт воситаси эгаси ҳам давлат бюджетига ундирилиши лозим бўлган 791 миллион сўмлик божхона тўловларини тежаб қолмоқчи бўлган. Божхона кўриги давомида транспорт воситасига мазкур божхона имтиёзларини қўллаб бўлмаслиги аниқланган ва буни Хадича Сулаймонова номидаги республика суд экспертизаси маркази экспертлари ҳам тасдиқлаган», — дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 227-моддасида (божхона назорати зонаси режимининг бузилиши) назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари билан тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилган ҳамда суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: