21:16 | 09.01.24

                       

«Бозорларни туристлар учун ‘ташриф қоғози’га айлантириш керак» — Мирзиёев

Президент савдо, туризм ва маданият масканларини қуришга оид тақдимот билан танишди.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Шавкат Мирзиёев бугун, 9 январ куни савдо ва хизматларни ривожлантириш, туризм ва маданият масканларини барпо этишга оид тақдимот билан танишди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тақдимотда Мирзиёевнинг 2023 йил 18 декабр куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида берган топшириқлари — Ўзбекистонда туризм масканлари ва меҳмон ўринларини кўпайтириш бўйича тайёрланган лойиҳалар кўриб чиқилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, миллий маданиятни акс эттирган бозорларни туристлар учун жозибадор масканларга айлантириш бўйича дастлабки лойиҳалар намойиш қилинди.

«Бозорларимизнинг ўзига хос жиҳатларини сақлаб қолган ҳолда, уларни юртимизнинг ‘ташриф қоғози’га айлантириш керак. Озиқ-овқат, кийим-кечак, заргарлик дўконлари, ошхоналар, кўнгилочар масканлар ҳамоҳанг бўлиши, харидорлар ва туристларни ўзига жалб қилиши зарур», — деган Президент.

Бу борада Туркия ва араб мамлакатлари тажрибасини ўрганиш, лойиҳалаштиришга хорижий мутахассисларни таклиф этиш муҳимлиги айтиб ўтилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шу билан бирга, Мирзиёев Тошкент давлат цирки биносини таъмирлаш, соҳа учун кадрлар тайёрлашда таълим ва амалиётни уйғунлаштириш мақсадида 300 ўринли ўқув биносини барпо этиш режаларини муҳокама қилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: