20:41 | 23.07.22

                       

Бугун оқшоми. Мирзиёевга орден берган Путин, сентябрда очиладиган Ғофур Ғулом боғи, инсон миясига ўрнатилган чип

@bugunoqshomi — бир кунда бир марта бериладиган хабарлар канали

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Қайноққинада яхши кетадиган хабар: Тошкентдаги Ғафур Ғулом боғи 1 сентябрдан иш бошлайди (насиб-насиб).

Фото: «Спутник»

Парламент (бу сигарет ёки рестораннинг номи эмас, Сенат) юқори палатасининг хабар беришича, бир пайтларда пойтахтнинг энг сўлим жойларидан бири бўлган (қайта очилганда ҳам шундай бўлиб қолади деб умид қиламиз) мазкур боғ шу йилнинг биринчи сентябридан ишлай бошлайди (мустақилликка тенг байрам йўқ, лекин агар, яқин орада шундай бир муҳимроқ байрам бўлганида, балки аномал иссиқ пайтда дам олиш ёки айланиш учун яхшигина жой тезроқ очилган бўлармиди).

Фото: Сенат матбуот хизмати

Таъкидланишича, боғ ҳудудида олиб борилаётган ишлари Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг доимий назоратида (боғни, айниқса, у ердаги дарахтларни қаттиқроқ назорат қилишини сўраймиз).

Фото: Сенат матбуот хизмати

Маълумот учун, Ғофур Ғулом боғини Cингапурда рўйхатдан ўтган, асосчиси ўзбекистонлик бўлган «BMP Smart Decision Private Limited» компанияси 49 йилга ижарага олган. Ҳозирда хорижий компания томонидан боғ ҳудудида реконструкция қилиш, бино иншоотларини қуриш ва хориждан олиб келинган аттракционлар ҳамда ўйин қурилмаларини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда ва шу мақсадда 71 миллиард сўм маблағ сарфланган.

Тошкент вилоятида 20 ёшли маҳкум ўз жонига қасд қилишга уринди.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Facebookʼдаги саҳифасига Тошкент вилоятидаги қамоқхоналарнинг бирида 20 ёшли маҳкум ўз жонига қасд қилишга урингани ҳақида ёзди. Ташановга кўра, 20 ёшли Алишер Якубов 2020 йилнинг февралида 10 йилга қамалган. У шу йилнинг 25 июнида Товоқсой қамоқхонасида юқори қаватдан сакраб, ўз жонига қасд қилган. Ҳозирда «Сангород»да ётибди. Унинг таъкидлашича, маҳкум мунтазам қийноқларга чидолмасдан шундай йўл тутган.

Тошкент вилояти прокуратураси ҳолат бўйича расмий баёнот бериб, бинонинг юқори қаватидан ўзини ташлашга уринган маҳкумлар икки нафар бўлганини маълум қилди.4

Фото: «Bugun.uz»

Таъкидланишича, 7-сонли жазони ижро этиш колониясида жазо ўтаётган маҳкумлар А.Я. ва Т.Д. 19 июнь куни колония бошлиғи томонидан тасдиқланган кун тартибига риоя қилмасдан, ўзларининг яшаш саҳнига кириш ўрнига 2-яшаш саҳнидаги танишлари олдига яширин равишда ўзбошимчалик билан ўтган. Улар ҳеч кимнинг рухсатисиз, тартибот қоидаларини бузган ҳолда олдиндан адовати бўлган 5-туркумда жазо муддатини ўтаб келаётган маҳкум А.Ю.нинг қадр-қимматини камситувчи сўзлар билан шахсиятига тегиб, қўпол муомалада бўлган.

Шундан сўнг маҳкумлар интизомий жазога тортилган. Бундан норози бўлган А.Я. ва Т.Д. бинонинг иккинчи қаватидан колониянинг тақиқланган ва яшаш саҳни томонга қараб ўзларини улоқтирган. Ушбу маҳкумларга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган.

«Ҳозирги кунда уларнинг соғлиги қониқарли ҳолатда. Тошкент махсус прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилди ва натижасига кўра, ушбу ҳолатда жиноят аломатлари аниқланмагани сабабли жиноят иши қўзғатиш рад этилди», — дейилади расмий муносабатда.

Путин Шавкат Мирзиёевни Александр Невский ордени билан тақдирлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Россия президенти Владимир Путин Шавкат Мирзиёевни «Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги улкан хизматлари учун» Александр Невский ордени билан тақдирлади.

Александр Невский ордени
Фото: Викимедиа

Мазкур орден етказиб бериладими ёки Мирзиёевнинг ўзи Россияга бориб оладими — номаълум. Орден шунчаки расмиятчилик ҳам бўлиши мумкин.

Қашқадарё вилояти прокурори Қорақалпоғистонга ўтказилди.

Фото: «Daryo.uz»

Эркабой Тожиев Қорқалпоғистон Республикаси прокурори этиб тайинланди. У шу кунга қадар Қашқадарё вилояти прокурори лавозимида ишлаб келган.

Аммо бу жой Тожиев учун бегона эмас — у 2016—2017 йилларда ҳам Қорақалпоғистон Республикаси прокурори лавозимида фаолият юритган. Ҳозирда унинг Қашқадарёдаги ўрни бўш қолмоқда.

Ўзбекистон дунё мамлакатлари орасида мобил интернет арзонлиги бўйича 15-ўринни эгаллади.

Буюк Британиянинг «Cable» портали 233 та мамлакатдаги интернет нархлари бўйича маълумот берди. Унда Ўзбекситон 15-ўринни эгаллади. Бу мамлакат учун ўсиш ҳисобланади — 2021 йилда Ўзбекистон дунё мамлакатлари орасида энг арзон интернет нархи бўйича 21-ўринни эгаллаганди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълумотларда қайд этилишича, мамлакатда 1 ГБ мобил интернетнинг юқори нархи 2,73 доллар, ўртача нархи 0,37 доллар ва энг арзон нарх 0,13 долларни ташкил қилган. Шунингдек, 1 ГБ ҳисобида Исроил (0,02 доллар), Италия (0,05 доллар), Сан Марино (0,08 доллар), Фижи (0,07 доллар) ва Ҳиндистон (0,05 доллар) дунёдаги энг арзон интернетли мамлакатлар бешталикка киритилган.

Хўш, оламда нима гап?

Владимир Путин Украинадаги уруш харажатларини офшорлар ёрдамида тўламоқда.

Фото: «ABC»

OCCRP тадқиқотчи журналистлар уюшмаси ўтказган суриштирувга кўра, Россия президентига Украина билан курашда офшорларда яширинган пуллар ёрдам бермоқда.

«Путин АҚШ учун Гитлер давридагидан кўра каттароқ таҳдиддир. Снаряд компаниялари унинг энг яхши дўстлари ҳисобланади. Россия армиясини молиялаштирувчи ширкатлар Украинада бегуноҳ тинч аҳолини ўлдирмоқда. Россия элитасининг барча офшор активларини кузатиш ва оммага эълон қилиш мумкин, аммо бунинг учун сиёсий ирода керак», дейилган суриштирувда.

OCCRP 2006 йилда ташкил этилган коррупция ва уюшган жиноятчиликни текшириш лойиҳаси бўлиб, унда Шарқий Европа, Кавказ, Марказий Осиё ва Марказий Америкада фаолият юритувчи тергов марказлари, оммавий ахборот воситалари ва журналистлар фаолият олиб боради.

Келажак шу ерда: АҚШда инсон миясига чип ўрнатилди. У билан смартфонда бажариладиган ишларни қилса бўлади.

Нью-Йоркдаги «Mount Sinai West» тиббиёт марказида амиотрофик латерал склероз билан касалланган беморга мия чипи имплантация қилинди. Қурилмани Сйнчрон стартапи ишлаб чиққан. У аввалроқ Австралиядаги тўрт нафар беморга ўз қурилмаларини имплантация қилган. Улар ҳеч қандай ножўя таъсирга эга бўлмаган.

Фото: «Psychologies»

Чип беморларга WhatsApp хабарларини юбориш ва онлайн харидларни амалга ошириш каби вазифаларни бажаришга ёрдам берган. Яқинда амалга оширилган мия чипи имплантацияси Илон Маскнинг «Neuralink» компаниясини ортда қолдирган.

Маскнинг компанияси анча кичикроқ ва кучлироқ имплант устида ишламоқда. Уни соддалаштирилган жарроҳлик амалиёти ёрдамида мияга жойлаштириш мумкин. Бироқ, бунинг учун беморнинг бош суягининг бир бўлаги ҳам олиб ташланиши керак бўлади ва компания ҳали одамларда синовдан ўтказиш учун рухсат олмаган.

Маълумот ўрнида, ҳаракат қилиш ва гапириш қобилиятини йўқотган одамга мия чипини ўрнатиш қуйидаги афзалликларни беради:

  • бемор интернетдан фойдаланиш кўникмасига эга бўлади;
  • у фикр кучидан фойдаланган ҳолда электрон почта ва матнли хабарлар орқали мулоқот қилади;
  • қурилма беморнинг ниятларини компьютерга юбориладиган буйруқларга айлантиради.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: