21:00 | 06.10.22

                       

Бугун оқшоми. Сирдарёга борган Президент, ўқитувчисига мушт туширган ўқувчи, Таиланддаги боғчада содир бўлган отишма

@bugunoqshomi — бир кунда бир марта бериладиган хабарлар канали

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Дарахтларга зарар етказиш «челленж»и давом этади

Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги «Новза» метроси яқинида олиб борилаётган қурилишда дарахтларга зарар етказилаётгани хабар берилди. Шундай ҳолатлардан бири Чилонзор 8-мавзе, «Нафосат» маҳалласи Қатортол кўчасида ҳам кузатилган. Блогер Хуршид Далиев эса юк машинасида катта кесилган дарахтлар олиб кетилаётгани тасвирланган видеони Telegram саҳифасига жойлаб, бу ишни амалга оширганларга нисбатан «дарахт ‘қотиллариʼ» , дея таъриф берган. Шунингдек, у тасвирдаги юк машинасини топишда Андижон вилояти ЙХХТ бошлиғи Усмоновдан ёрдам сўраган.

Фото: Telegram / «Ekologuz»

Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига борди

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 6 октябрда қишлоқ хўжалигидаги ишлар ҳолати ва аҳоли ҳаёти билан танишиш мақсадида Сирдарё вилоятига ташриф буюрди. Ташриф давомида давлат раҳбари вилоятдаги қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари, фермер хўжаликлари ходимлари, деҳқончилик билан шуғулланаётган ёшлар билан суҳбатлар ўтказди. Маълум қилинишича, Сирдарё вилоятида 35 минг ишсиз аҳоли ва 42 минг чет элда меҳнат қилувчи мигрантлар мавжуд. Шавкат Мирзиёев ҳосилдорликни ошириш ҳисобига вилоятдаги пахта майдонарини қисқартириш ва бўшаган ерларни аҳолига бўлиб бериш зарурлигини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Бор товоғим, кел товоғим»

Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путинни мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги анъанавий дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини ривожлантириш ҳамда таваллудининг 70 йиллик юбилейи муносабати билан «Олий Даражали Дўстлик» ордени билан мукофотлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Блогер Хушнудбек Худойбердиев эса бу эътироф 2022 йилнинг июль ойида президент Путин томонидан Шавкат Мирзиёевнинг «Александр Невский» ордени билан тақдирланишига жавобан берилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.

«Бугунги орден ҳозирча энг катта иқтисодий ҳамкоримизга дипломатик «бор товоғим, кел товоғим» тарзида берилганга ўхшайди», — дейди Хушнуд Худойбердиев.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов эса бунга «чиройлигина шарқона дипломатия», дея таъриф берган.

Наманганда ўқувчилар ўқитувчини калтаклади

Ижтимоий тармоқларда Наманган вилояти Косонсой туманидаги 29-мактабда ўқувчилар ўқитувчини калтаклагани акс этган тасвир тарқалди. Қайд этилишича, ҳолат физика дарсида рўй берган. Ўқитувчи дарсга халақит берган ўқувчини хонадан чиқариб юборганидан сўнг, у қайтиб келиб ўқитувчига ташланиб қолган. Қолган ўқувчилар эса уларни ажратишга ҳаракат қилган. Кейинроқ ўқувчининг ота-онасига маъмурий чора кўрилгани хабар берилди.

Кадр: Telegram

«Чегара масаласи 99 фоизга бизнинг фойдамизга ҳал бўлди» — Садир Жапаров

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ўзбекистон билан чегарани делимитация қилиш бўйича ўтказилган музокаралар ҳақида Facebook’даги саҳифасида пост қолдирди. Унинг сўзларига кўра, чегара масаласи 99 фоизга Қирғизистон фойдасига ҳал бўлган. Шунингдек, олдин тўлалигича ўзбек томонининг назоратида бўлган «Кампир-Обод» сув омборидан элликка-эллик фойдаланиш бўйича ҳам келишувга эришилган ва эндиликда сув омборини икки давлат биргаликда бошқаради.

«Бу хабарни хурсандчилик билан қабул қиласиз. Бир сантиметр ер ҳам берганимиз йўқ. Биз, аксинча, фақат қабул қилдик», — дейди Жапаров.

Дунёда нима гап?

Таиландда қуролланган эркак боғчага ҳужум уюштирди

Таиландда қуролланган эркак боғчага ҳужум уюштириши оқибатида 30 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Таъкидланишича, гумонланувчи полиция собиқ сержанти бўлган. Боғчага ҳужум вақтида у ўқотар қурол ва пичоқ ёрдамида йўлида учраган одамларга зарар етказишга ҳаракат қилган. Қурбонларнинг асосий қисми боғча болалари экани айтилмоқда. Шунингдек, у боғчадаги отишмадан сўнг ўз жонига қасд қилган.

Фото: «360tv»

Павел Дуров WhatsApp’ни танқид қилди

Telegram асосчиси Павел Дуров WhatsApp фойдаланувчиларини хакерлар ҳужумидан огоҳлантирди. Унинг сўзларига кўра, мобил дастур хавфсизлик тизимидаги муаммолар сабаб WhatsApp иловаси қурилмага ўрнатилганда фойдаланувчининг барча маълумотлари хавф остида қолиши мумкин. Дуров WhatsApp’ни бир неча йил аввал қурилмасидан ўчириб ташлаганини айтиб, ишбу иловани ўрнатиш фойдаланувчиларнинг телефонига кириш учун «эшик очиши»ни таъкидлаган.

Фото: Getty Images

Бугуннинг асосий воқеликлари шулардан иборат эди.

Бугунда қолинг. «Бугун» билан яшанг.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: