20:11 | 23.02.24

                       

Бухоро аэропортида қадимий тангани четга олиб чиқмоқчи бўлган йўловчи тўхтатиб қолинди

Бухоро халқаро аэропортидан Истанбул шаҳрига учиб кетаётган Ўзбекистон фуқароси қадимий тангани мамлакат ҳудудидан олиб чиқишга уринган. Усмонийлар сулоласи даврига тегишли танга 1839 йилда Константинополда зарб қилинган.

15 февраль куни Бухоро халқаро аэропортидан Истанбул шаҳрига учиб кетаётган Ўзбекистон фуқароси қадимий тангани мамлакат ҳудудидан олиб чиқишга уринди. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги хабар берди.

Фото: Маданий мерос агентлиги ахборот хизмати

Дастлабки маълумотларга кўра йўловчининг қўл юклари божхона ходимлари томонидан холислар иштирокида текширилганда «40 пора» қийматдаги қизил металлдан зарб қилинган танга борлиги аниқланиб, ушлаб қолинган.

Бухоро вилоят Маданий мерос бошқармаси бадиий экспертиза бўлими ходимлари томонидан танга бадиий экспертизадан ўтказилди. Ўрганишлар давомида маълум бўлдики «40 пора» қийматдаги қизил мисдан зарб қилинган танга Усмонийлар сулоласи султони Султон Абдулмажид I ҳукмронлиги даврига тегишли танга бўлиб, 1839 йилда Константинополда зарб қилинган.

Танганинг олд томонида танга зарб қилинган сана ҳамда «Маҳмудхон бин Абдулҳамид Музаффарнинг ғалабаси шарафли бўлсин» ёзуви туширилган. Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 23 мартдаги «Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида»ги низомига кўра тангани Бухоро давлат-музейи қўриқхонасига топшириш тавсия этилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: