14:48 | 01.06.24

                       

Бухоро вилояти иқтисодиёти 1,5 баробар ўсиб, 53 триллион сўмдан ошди

Бухоро вилояти иқтисодиёти 1,5 баробар ўсиб, 53 триллион сўмдан ошди. Шавкат Мирзиёев мазкур вилоятда катта ўзгаришлар бўлганини қайд этди.

Шавкат Мирзиёев раислигида Бухоро вилояти масалалари бўйича видеоселектор ўтказиляпти. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёев раислигида Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.

Давлат раҳбари Бухорода сўнгги йилларда катта ўзгаришлар бўлганини қайд этди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Жумладан, вилоят иқтисодиёти 1,5 баробар ўсиб, 53 триллион сўмдан ошган. Саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатишда 115 триллион сўм инвестиция жалб қилинган. 4,6 мингта корхона ишга тушиб, 90 мингта иш ўрни яратилган. Шунингдек, экспорт 215 миллион долларга етди, Қоракўл, Жондор, Шофиркон ва Когон туманларининг ҳар бирида саноат ҳажми йилига 1 триллион сўмдан ошди.

Шу билан бирга, вилоят салоҳиятини тўлиқ ишга солиш бўйича вилоят раҳбарияти, 13 та туман ва шаҳар ҳокимларининг ҳозирги фаолияти жуда сустлиги кўрсатиб ўтилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бухоронинг 4,2 миллион гектар ери бўлса, 6 фоизига экин экилади. Яна 3,2 миллион гектар ер – ишлатилмасдан турган катта имконият. Вилоятдаги 60 минг тонна ип-калаванинг 57 фоизи матога айланмоқда, қолгани хомашё шаклида арзон сотилмоқда, матонинг 24 фоизи тайёр маҳсулотга айланаяпти. Ёки, вилоятда 1 миллион 200 минг тонна мева-сабзавот етиштирилса-да, экспорти 15 миллион доллардан кам.

Фото: Президент матбуот хизмати

Яна бир масала – Бухородаги 205 минг гектар ерни суғориш учун 50 та насос станция йилига 1,5 миллион киловатт-соат электр сарфламоқда. Улар энерготежамкор, замонавий насосларга алмаштирилса, йилига камида 400 миллиард сўм иқтисод бўлади.

Вилоятдаги 89 та саноат корхонаси давлат ташкилотларига Кооперация портали орқали маҳсулот етказиб бераётгани – бу жуда камлиги кўрсатиб ўтилди. Масалан, порталда Вобкентдан бирорта корхона қатнашмаган, Олот ва Пешкудан – 1 тадан, Жондор ва Бухоро туманидан – 2 тадан корхона иштирок этган. Шу муносабат билан мутасаддиларга Кооперация порталида ҳақиқий ишлаб чиқарувчилар қатнашадиган тартиб қилиш, ишлаб чиқарувчиларнинг давлат харидидаги иштирокини кенгайтириш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бундан ташқари, Бухорога хориждан 5 миллион турист келиши учун катта замин ҳозирланмоқда. Лекин, вилоятдаги 30 та тарихий ёдгорликка эътибор сустлиги учун уларга сайёҳлар бормаяпти.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шу муносабат билан Имом ал-Бухорий, Аббос Алиев ва Мухтор Ашрафий обидаларига туташ ҳудудлар, деҳқон бозори ва минг йиллик тарихга эга Бухоро дарвозаси, Исмоил Сомоний мақбараси, истироҳат боғи ва сунъий кўлни жозибадор туризм мажмуасига айлантириш муҳимлиги таъкидланди. “Чор Минор” ва “Истеза” мадрасалари, “Самарқанд” ва “Дарвозаи Саллохона” дарвозалари, “Масжиди Калон” каби объектларни дренаж тизимини таъмирлашга 35 миллиард сўм ажратилади. Бухоро аэропорти туристлар оқимини 2 баробар ошириш режаси учун кичиклик қилмоқда. Кеча Бухоро туманида ҳозиргидан 3 баробар кўп қувватга эга 226 миллион долларлик янги замонавий халқаро аэропорт қурилишига старт берилди. Бу ерда ҳафтасига 100 та рейс йўлга қўйилади

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: