7:59 | 28.02.24

                       

Бухорода 15 ёшли бола онаси тазйиқ ўтказиб келаётгани юзасидан болалар омбудсманига шикоят қилди

Бухоро вилоятида яшовчи 15 ёшли бола онаси тазйиқ ўтказиб келаётгани юзасидан болалар омбудсманига шикоят қилди. Бола ва унинг синглисига бувиси расмий васий этиб белгиланди.

Бухоро вилояти Жондор туманида яшовчи 15 ёшли бола онаси тазйиқ ўтказиб келаётгани юзасидан болалар омбудсманига шикоят қилди. Бу ҳақда болалар омбудсмани ахборот хизмати хабар берди.

Айтилишича, М.М. нинг онаси унга узоқ вақт давомида тазйиқ ўтказиб келган бўлиб, шу сабабли бола 2023 йилдан буён онасидан алоҳида, бувиси қарамоғида яшаб келган. Шунингдек, М.М. унинг отаси алимент мажбуриятларини ўз вақтида бажармаганлиги учун озодликдан маҳрум қилинганлигини билдириб, синглиси ва ўзини онаси қарамоғига берилишига йўл қўймаслик масаласида амалий ёрдам сўраган.

Болалар омбудсманининг сўрови асосида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан мазкур оиланинг ижтимоий вазияти атрофлича ўрганилди. Жумладан, Бухоро вилояти Жондор тумани «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ҳолатни ўрганиши давомида ҳақиқатдан ҳам боланинг устун манфаатларини она эмас, бувиси таъминлай олиши тўғрисидаги берилган хулосаси асосида М.М. га ва унинг синглисига бувиси расмий равишда васий этиб белгиланди.

Мазкур оиланинг ижтимоий масалалари келгусида ҳам болалар омбудсмани ва мутасаддилар кузатуви остида бўлиб, зарур ҳолларда тегишли кўмак кўрсатиш чоралари кўрилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: