15:52 | 11.11.23

                       

Бухорода 500 йиллик тарихий обидага пластик ромлар ўрнатилди

Маданий мерос агентлиги ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Бухородаги Масжиди Калон тарихий обидасига пластик ва алюминий ромлар ўрнатилди. Бу бўйича Н. Буторина исмли Facebook фойдаланувчиси ўз саҳифасига пост жойлаган. Ҳолат юзасидан Маданий мерос агентлиги ўрганиш олиб борган.

Фото: Маданий мерос агентлиги

Маълум бўлишича, Масжиди Калон «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг 27-моддасига асосан Мусулмонлар идорасининг Бухоро вилояти вакиллигига масжид сифатида фойдаланиш учун топширилган. Мурожаатда кўрсатиб ўтилган пластик ва алюминий ромлар 2016 йилда намозхонларга қулайликлар яратиш мақсадида масжид маъмурияти томонидан ўрнатилгани аниқланган.

Маданий мерос агентлигининг хабар беришича, ҳукумат томонидан тасдиқланган «Маданий мерос объектларини реставрация қилиш ва таъмирлаш-тиклаш бўйича 2023 йилги манзилли дастур»га асосан Масжиди Калонни ҳам реставрация қилиш, таъмирлаш-тиклаш ва ободонлаштириш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган ва маъқулланган.

Ҳозирда мазкур лойиҳа асосида масжидни реставрация қилишнинг 1-босқичи доирасида том қисмини таъмирлаш ҳамда конструктив жиҳатдан мустаҳкамлаш ишлари олиб борилмоқда.

Лойиҳага кўра, масжиддаги пластик ва алюминий ромларни бинонинг архитектурасига мос келадиган анъанавий ёғоч ромларга алмаштирилиши айтилган. Мазкур ишлар таъмирлашнинг 2-босқичида амалга оширилиши белгиланган.

Шунингдек, мурожаатда айтиб ўтилган объектга кириш билетларининг пуллик эканлиги масаласи юзасидан маълум қилинишича, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун масжидга кириш пуллик бўлиб, намозхонлар ва зиёратчилардан пул ундирилмайди. Улар учун масжидда алоҳида кириш жойлари мавжуд. Объектга кириш билетларини сотишдан тушган маблағлар уни сақлаш ва жорий таъмирлаш ишларига сарфланиши эслатиб ўтилган.

«Бу каби ҳолатларга кенг жамоатчиликнинг бефарқ бўлмагани ҳамда маданий мерос объектларини асраб-авайлашда ўз ҳиссаларини қўшаётганликлари учун агентлик миннатдорчилик билдиради», дейилади хабарда.

Маълумот учун, Масжиди Калон 1514 йилда Бухоро хони Убайдуллохон томонидан қурдирилган бўлиб, ушбу иншоот Ўзбекистон моддий ва маданий меросининг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Тошкент вилояти Бекобод шаҳридаги маданият уйи биноси супермаркет учун ижарага берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: