14:55 | 27.02.24

                       

Бухорода майнинг ферма ташкил этганлар ушланди

Бухорода майнинг ферма ташкил этганлар ушланди. Улар давлатга жами 860 млн сўм зарар етказгани аниқланган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Бухоро вилоятида ноқонуний майнинг ферма ташкил этган хонадонлар аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар беради.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Маълум қтлтнишича, департамент ҳамда «Ўзэнергоинспекция» Бухоро вилояти бошқармалари томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширув давомида фуқаро А.З. қонунга хилоф равишда майнинг ферма фаолияти билан шуғулланиб келиб, ўз уйининг ёрдамчи хўжалигида 10 та тўпламдаги майнинг крипто-актив қурилмаларини умумий фойдаланишдаги электр тармоғига тижорат мақсадида улаб, давлат ва жамият манфаатларига 531,4 миллион сўм зарар етказгани аниқланган.

Шу каби, департаментнинг Когон шаҳар бўлими томонидан вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро Ш.Ш. ўз уйида 5 та тўпламдаги майнинг крипто-актив қурилмаларини умумий фойдаланишдаги электр тармоғига тижорат мақсадида улаб, давлат ва жамият манфаатларига 328,7 миллион сўм зарар етказгани маълум бўлган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: