18:49 | 13.02.24
Бухорода мухбир пичоқлангани юзасидан расмий баёнот берилди. Ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида жойлашган кафеда 6 феврал куни «TaftishUz» ахборот агентлигининг Бухородаги мухбири Ў.Т. таниши А.А. билан олдиндан ўртада низо бўлганлиги боис, келишмовчилик юзага келган. А.А. ошхона пичоғи билан Ў.Т.нинг қорин қисмига бир маротаба уриб, тан жароҳати етказган. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.
Мазкур ҳолат юзасидан Шофиркон тумани прокуратураси томонидан А.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 1 – қисми (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, 7 февраль куни унга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда жабрланувчи Ў.Т. шифохонада даволланмоқда. Дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.