14:05 | 14.12.23

                       

Бухорода саксовул ўсимлигини ноқонуний тарзда қўпориб олиб кетаётган тўрт нафар шахс ушланди

Шунингдек, ҳудудда ов қилиш қоидаларини бузиб, қонунга хилоф тарзда қурол олиб юрган уч нафар ҳуқуқбузар қўлга тушди.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги давлат экологик назорат инспекцияси ва ҳудудий бўлинмалар ходимларидан иборат тезкор гуруҳ томонидан Бухоро вилоятининг Жондор ва Пешку туманларида рейд тадбирлари ўтказилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Рейдлар давомида еттита ҳуқуқбузарлик ҳолати кузатилган. Хусусан, тўртта ҳолатда саксовул ўсимлиги ноқонуний тарзда қўпориб олиб кетилаётганлиги маълум бўлган. Тўрт нафар ҳуқуқбузарга нисбатан МЖтКнинг 79-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ҳар бир ҳуқуқбузарга БҲМнинг 5 баробари — 1 миллион 700 минг сўмдан жарима, жами 6 миллион 800 минг сўм жарима қўлланилган. Шунингдек, табиатга жами 50 млн 760 минг сўм зарар етказилганлиги ҳисобланган. Ҳуқуқбузарлар белгиланган жарима ҳамда ўзларига тегишли зарар миқдорини тўлаши белгиланган.

Шу билан бирга, ҳудудда ов қилиш қоидаларини бузган ҳолатда ноқонуний қурол олиб юрган уч нафар ҳуқуқбузар аниқланган. Улар ов қилишга улгурмасдан қўлга олинган ҳамда МЖтКнинг 90-моддаси 1-қисми билан ҳуқуқбузарларнинг ҳар бирига БҲМнинг 10 баробари — 3 миллион 400 минг сўмдан жарима белгиланган. Ҳуқуқбузарлар жами 10 миллион 200 минг сўм миқдорида жарима тўлаши белгиланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: