18:06 | 20.09.23

                       

Бухорода талаба 35 ёшли аёлдан беҳаё суратларини тарқатмаслик эвазига пул талаб қилди

У аёлнинг Telegram-профилидаги суратларни махсус дастур ёрдамида «монтаж» қилган.

Бухоро вилоятида 35 ёшли аёлнинг расмларини тарқатиш билан қўрқитиб, эвазига пул талаб қилган шахс аниқланди. Бу ҳақда Киберхавфсизлик маркази матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Bugun.uz

Қайд этилишича, Когон туманида яшовчи 35 ёшли аёл ариза билан мурожаат қилиб Telegram мессенжерида «!!!??» номли профил эгаси унинг турли фотосуратлари ва беҳаё тасвирларини ижтимоий тармоқ орқали тарқатиб юбориш билан қўрқитиб, бунинг эвазига ундан пул талаб қилаётганини маълум қилган.

Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса, ушбу шахс Бухоро вилояти, Когон туманида яшовчи 19 ёшли талаба экани аниқланган.

Маълум бўлишича, у аёлнинг профилидаги фотосуратларига махсус дастур ёрдамида қайта ишлов берган ва беҳаё фотосуратлари борлигини айтиб, уни ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик эвазига 200 АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилган.

Тезкор тадбир давомида у аёлдан айтилган пулни олган вақтида далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 1-қисми  билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан содир этилиб фош қилинмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлиги юзасидан тезкор-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Қонунга мувофиқ, бундай турдаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

 

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: