22:06 | 26.09.23

                       

BUKHARA DESERT OASIS & SPA инновацион туристик кластерида пресс-тур ташкил этилди

8 гектар майдонда жойлашган туристик кластер туризмнинг барча йўналишлари бўйича йилига 24 минг хорижий ва 270 минг маҳаллий сайёҳни қабул қилиш имкониятига эга.

Бухоро вилояти, Ромитан тумани, «Марзия» МФЙда жойлашган BUKHARA DESERT OASIS & SPA инновацион туристик кластерига пресс-тур ташкил этилди.

Фото: Bugun.uz

Таъкидлаш жоизки, 27 сентябрда Бутунжаҳон туризм куни нишонланади. Шунингдек, 16-20 октябр кунлари Самарқанд шаҳри Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеясининг юбилей 25-сессиясига мезбонлик қилади. Бу эса, табиийки, Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар сонининг янада ошишини таъминлайди.

Ўзбекистонда эса хорижлик сайёҳларни ўзига жалб эта оладиган манзиллар талайгина. Хусусан, BUKHARA DESERT OASIS & SPA инновацион туристик кластери шундай туристик объектлар сирасига киради.

Фото: Bugun.uz

Туристик кластер 2020 йил март ойида ишга туширилган. Ҳудуди 8 гектарга тенг бўлиб, маҳаллий ва хорижий сайёҳларга туристик хизматлар кўрсатишга мўлжалланган. Кластер йилига 24 000 нафар хорижий сайёҳ ва 270 000 нафар маҳаллий сайёҳларни қабул қилиш имкониятига эга. Кластерда 50 дан ортиқ иш ўрни яратилган.

BUKHARA DESERT OASIS & SPA инновацион туризм кластерида 30 хилдан ортиқ туристик хизматлар йўлга қўйилган. Жумладан, Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган, тарихни ўзида намоён қилган 700 ўринли «Шотёр Эмира» ресторани, очиқ ҳавода дам олиш мақсадида 3000 ўринлик учун «Карвон Сарой» майдони, 3500 ўринга мўлжалланган «Варахшо» ресторани, 30 гектар майдонда агро-эко боғлар ва инновацион иссиқхоналар барпо этилган.

Фото: Bugun.uz

Миллий спорт ўйинлари, турли тадбирлар ва халқаро миқёсдаги турли хил конференциялар ўтказиш имкони мавжуд.

Халқаро спорт ўйинлари (бокс, аралаш жанг, MMA) ўтказиш учун барча шароитлар яратилган. Бугунги кунга қадар мазкур инновацион туристик кластерда вилоят миқёсидаги тадбирлар, республика миқёсидаги спорт ўйинлари, МДҲ давлатлари спортчи вакиллари орасида 2 маротаба ўтказилган MMA (аралаш жанг) ва ҳозирги кунда ёшлар учун муносиб ўрин тутган «Заковат» интеллектуал ўйинининг Республика босқичи ўтказилгани бу масканнинг нақадар аҳамият касб этаётгани далилидир.

Фото: Bugun.uz

Туристик кластер бир неча йўналишларда ўз фаолиятини олиб бормоқда. Жумладан, экотуризм йўналишида: Бухоро воҳасининг Қизилқум минтақасида жойлашган ушбу ҳудудда қум барҳанлари ва саксовулзорларнинг ажойиб манзараси бағрида от ва туяларда саёҳат қилиш имконияти мавжуд. Бундан ташқари, йўлтанламас автотранспорт воситаларида (жип, квадрацикл) махсус трассалар бўйлаб саёҳат хизматлари ташкил этилган. Чўл ҳудудида 30 гектар майдонда мевали дарахтлардан иборат боғ яратилган ва келгусида тежамкор томчилаб суғориш тизимининг жорий этилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, ер остида қурилган иссиқхонада туристик марказ учун барча керакли полиз маҳсулотлари етиштирилмоқда.

Фото: Bugun.uz

Тиббиёт туризми йўналишида замонавий ўтовлар, сув ҳавзаси, пляж, келгусида ташкил этилиши режалаштирилган тарихий-замонавий меҳмонхона ҳамда Spa – соғломлаштириш марказида иссиқ сув, йод ва лой билан даволаш ҳамда қуёш нурларидан самарали фойдаланиш хизматлари йўлга қўйилган.

Фото: Bugun.uz

Гострономик туризм йўналишида «Амир» ресторани, «Карвон Сарой» майдони, «Варахшо» очиқ осмон остида ресторанлари ва «Сари деги» деб номланган турли тематикага мўлжалланган овқатланиш нуқталарида турли миллатларга мансуб маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун ресторан хизматлари ташкил этилган. Меҳмонлар учун тайёрланадиган барча турдаги овқатларга керакли полиз ва гўшт маҳсулотлари туристик кластернинг ўзида етиштирилади ва барчаси экологик тоза ҳисобланади.

 

Экстремал туризм йўналишида чўлда жиплар ва квадроцикллар ёрдамида сайр қилиш, парашютдан сакраш, от ва туя пойгалари каби сайёҳларни қизиқтирувчи бир қатор хизматлар мавжуд.

Фото: Bugun.uz
Фото: Bugun.uz

Археологик туризм йўналишида мозийга сайр қилишни истаган меҳмонлар учун XVI аср ёдгорлиги «Бўронтепа» тепалигидаги археологик изланишлар натижасида шаклланган шаҳар қолдиқлари мавжуд. Ушбу ёдгорлик ўзбек давлатчилигининг асослари яратилган қадим Бақтрия давридан токи XVI-XVII асргача Ипак йўлида жойлашган муҳим марказлардан бири ҳисобланган.

Туристик марказда алоҳида музей бурчаги ташкил этилган бўлиб, тарихий ёдгорликлар қолдиқларини ўрганувчи сайёҳлар учун шароитлар яратилган.

Фото: Bugun.uz

Спорт туризми йўналишида маҳаллий ва халқаро миқёсдаги спорт мусобақаларини, миллий халқ ўйинлари (кураш, кўпкари, сакраб теп, арқон тортиш ) ўтказиш имкониятига эга махсус саҳна, майдон, томоша учун шароитлар яратилган. Ҳозирги кунга қадар бир неча маротаба турли миллий халқ спорт ўйинлари ташкил этиб келинмоқда.

 

Ов туризми йўналишида ов қилиш учун шарт-шароитлар яратилган бўлиб, 4,5 гектар майдондаги балиқ ҳавзасида йил бўйи сайёҳлар балиқ овлаб ўзлари ўша жойнинг ўзида пишириб тановул қилиш мумкин.

Mice туризми йўналишида маҳаллий ва хорижий миқёсдаги турли конференция ва фестиваллар ҳамда тадбирлар ўтказиш имконияти яратилган.

Фото: Bugun.uz
Фото: Bugun.uz
Фото: Bugun.uz

2023 йилда 220 нафар хорижий сайёҳ ва 14 200 дан ортиқ маҳаллий сайёҳ ташриф буюрган ва маскан хизматларидан баҳраманд бўлган.

Келгусида туристик марказ фаолиятини кенгайтириб, хорижий сайёҳларни жалб қилиш бўйича мунтазам ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Малайзия ва Индонезия давлатларидаги туристик корхоналар орқали тарғиботлар ташкил этилиб, зиёрат туризми йўналишида Бухорога ташриф буюрувчи сайёҳларга қўшимча кўнгилочар хизмат турларига жалб этиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: