19:02 | 20.11.23

                       

Бурун ювиш амалиёти хавфлими?

Bugun.uz мавсумий шамоллашга доир қатор маълумотларни, бурун ювиш ва лимфотроп даволаш амалиёти тўғрисида маълумот беради

Барчамизга маълумки, ҳар йили куз, қиш ва баҳор фаслларида катталар ва болалар ўртасида юқумли касалликлар, шамоллаш, ОРВИ, гриппнинг кўплаб турлари кенг тарқалишига гувоҳ бўламиз. Касалликдан қийналаётган одамлар ҳеч иккиланишсиз шифохонага бориши, агарда фарзанди касал бўлса, дарҳол шифокор қабулига олиб бориши аён ҳақиқатдир.

Фото: depositphotos

Қисқа қилиб айтганда, мавсумий шамоллаш даврида кўплаб инсонларнинг лор ва вирусологларга мурожаати кўпаймоқда.

Bugun.uz сиз азизлар учун мавсумий шамоллаш ҳамда лор соҳаси билан боғлиқ касалликлар ҳақида маълумотлар, ўринли саволлар ва уларга берилган аниқ жавобларни бир ерга жамлади.

Давлат шифохоналарида жойлар сонининг чеклангани, шифокор қабулида турнақатор навбатлар кўпайиши сабаб кўпчилик аҳоли хусусий клиникаларга мурожаат қилади. Катталардан фарқли равишда, ҳатто ёшига тўлмаган чақалоқларни ҳам асосан лор соҳасига ихтисослашган хусусий клиникаларга даволангани олиб боришаётганига дуч келамиз. Бу ўз ўрнида яхши ҳамдир, чунки «чумчуқ сўйса хам қассоб сўйсин» дейишганидек, маълум касалликка ихтисослашган клиника малакали тиббий хизмат кўрсатиши керак албатта.

Бироқ, қабулга келган беморга «тажриба қуёнидек» қарайдиган шифокорлар ҳам йўқ эмас. Bugun.uz суҳбатлашган соҳа мутахассисининг иддао қилишича, лор соҳасида ишловчи шифокор 2 соат ичида 70 та бемор қабул қилган.

Яқиндагина бир хусусий клиниканинг 2 соат ичида 70 та беморнинг бурнини ювгани ва бу рекорд натижа эканлиги ҳақида бир-бирига қувонч билан гапираётганини эшитиб, бу ҳаракатлар ортида моддий манфаатлар ётибдимикан, деб ҳам ўйлаб қолдим, — дейди суҳбатдош.

Лимфотроп даволаш усули

Ҳозирда кунда томоқ оғриғи, ангина, фарингит каби касалликларни лимфотроп даволаш йўли билан  бартараф қилинаётгани барчага маълум. Бу тез ва самарали усулдир. Лимфотроп даволаш усули 2001 йилда Перм давлат тиббиёт академиясининг лимфолог шифокорлари томонидан ишлаб чиқилган. Ушбу усулнинг афзаллиги антибиотиклар микроб жойлашган ерга тўғридан тўғри юборилгани учун мушак ичига юборилганда уч-беш баравар кам дозада қўлланилади. Бунда даволаш самараси анъанавий усулдан кўра сезиларлироқ бўлиб, даволаш одатда 3-5 кун давом этади ва клиник натижага бир кундан уч кунгача бўлган вақт ичида эришилади.

Лимфотроп даволаш усули — томоқ соҳасидаги лимфа безига инъекция (укол) қилиш ёрдамида касалликни даволаш усулидир.

Лекин, бу усулнинг ҳам мумкин бўлмаган ҳолатлари мавжуд. 12 ёш ва ундан катталарга бу усул қўлланганда олдинига тез ёрдам беради, бироқ, кейинчалик ангина қайталанганда бундан бошқа усуллар ёрдам бермай қўйиши мумкин. Болаларда эса ангинани даволаш педиатрнинг қаттиқ кузатуви ва антибиотиклар ҳамда яллиғланишга қарши дори воситалари қабул қилишни ўз ичига олади. Лекин уч ёшгача болаларнинг организми дори воситаларига жуда сезгир бўлгани учун, уларга бу усулни қўллашда жуда эҳтиёт бўлиш даркор.

Суратда бурун ювиш амалиёти тасвирланган.
Фото: Lor24.uz

Бурун ювиш амалиёти

Шунингдек, хусусий клиникаларда шамоллашнинг асорати бурун шиллиқ қаватининг оддий шамоллаши ёки вирус билан зарарланганда буруннинг беркилиши каби оддий касаллик жараёнида ҳам уни махсус ускуна орқали қаттиқ босим билан ювиш тавсия қилинади. Мутахассиснинг таъкидлашича, кўпинча гувоҳи бўлганимиз ҳар куни юзлаб беморлар ва энг ачинарлиси болалар бу усул билан зарур ва зарур бўлмаган ҳолларда даволанмоқдалар.

Бурун ювиш амалиёти хавфлими?

Шу ўринда барчани қизиқтирган саволлар юзага келади.

1. Хусусий клиникалардаги бу ҳолатлар ким томонидан назорат қилинади?

2. Бу усуллар билан доимий даволанишнинг зарарлари ёки индивидуал ёндашганда мумкин бўлмаган ҳолатлар мавжудми?

3. Бу ҳолатлар клиникадаги шифокорлар томонидан назоратга олинадими? Яъни бемор бу амалиётдан кейин бир неча дақиқа ўтмай уйга жавоб берилади. Агар беморда кутилмаганда бу даволаш усуллари акс таъсир кўрсатиб ҳаёт учун хавфли ҳолат юзага келса, бунга ким жавоб беради?

4. Агар бу усуллар шунчалик тез ёрдам берса, нега давлат шифохоналарида ҳам ҳар беморларга бу амалиётлар қўлланилмайди?

Суратда касалланган бурун ва бурун ёндош бўшлиқлари ҳамда уларни даволаш усули тасвирланган.
Фото: Likarni.com

Бурун ювиш амалиётига мутахассис фикри қандай?

Соҳа мутахассисларнинг жавобидан қониқиш олмаган Bugun.uz мухбири вирусолог шифокор Нигора Нуруллаева билан боғланиб, юқорида айтилган ҳолатлар бўйича бир қанча маълумотлар олди.

Ҳар йили бир неча марта мавсумий касалликлар билан касалланиш бу табиий жараён. Шамоллаш ёки вирус билан кечувчи касалликларда асосан лор органлари зарарланади. Лекин бу пайтда биз иммунитетни кўтариш ва касаллик даврида кўпроқ суюқлик ичиш билан уни енгишга уринишимиз керак. Агар касаллик бактериал ҳолатга ўтмаса, уни антибиотиклар билан даволаш нотўғри бўлади. Агар ҳолат бактериал даражага ўтган тақдирда ҳам 5 ёшдан кичик болаларни антибиотиклар билан даволашни албатта стационар йўл билан қилиш шарт. Айниқса лимфотроб даволаш усулини 12 ёшдан катта бўлган болалардагина педиатр назорати остида амалга ошириш зарур, — дейди вирусолог.

Чунки, антибиотиклар тўғридан тўғри зарарланган соҳага юборилганда акс таъсир рўй бергудек бўлса, беморни жуда тез зарарлаши, ҳатто бу ўлимга ҳам олиб келиши мумкин.

Шу жумладан ҳозирги кунда «урф»га кирган даволаш амалиётларидан бири бурун ювиш усули ҳам ҳамиша фойдали эмас. Бурун соҳасини шунчаки шиллиқ оққан даврда ҳам кучли босим билан тортиб ювиш ҳам тўғри ҳисобланмайди. Ҳар бир амалиётнинг зарари бўлганлиги каби бу амалиётда ҳам зарарли томонлар мавжуддир. Масалан:

  • стериллик талабларига риоя қилинмаслиги ёки эритмаларнинг нотўғри танланиши бурун шиллиқ қавати инфекцияларига олиб келиши мумкин.
  • тиббиёт асбобларидан нотўғри фойдаланиш бурун шиллиқ қавати жароҳатланишига олиб келиши мумкин;
  •  айрим кишилар бурунни ювиш учун ишлатиладиган эритмаларга аллергик реакцияларни бошдан кечириши мумкин;
  • сувнинг қулоқ каналига тушиш хавфи хам мавжуд бўлиб, агар Эвстахиев трубасига тушса, бу қулоқларда ноқулайлик ёки инфекцияларга олиб келади;
  • айрим беморлар даволаш жараёнида ёки ундан кейин бош айланиши ёки ноқулайликни ҳис қилишлари кузатилади;
  • аспирация хавфи кузатилиши, яъни,суюқлик нафас йўлларига кириб қолиши, бу эса йўталга ёки, кам ҳолларда, аспирацион пневмонияга олиб келиши мумкин.

Шу туфайли, бурунни ювиш жараёни малакали мутахассис томонидан, барча зарур эҳтиёт чоралари билан амалга оширилиши керак.

Соғлигимизни қандай асраймиз?

Агар касалликка чалиндингиз-у сизда маълум хавотирлар бўлса, дарҳол шифокор билан маслаҳатлашиш зарур. Бурним оқяпти деб шунчаки бориб уни ювдириб келиш ҳар доим ҳам тўғри бўлавермайди.

Бу амалиётдан зарурий ҳолларда, бурунда бактериал касаллик гайморит бўлгандагина фойдаланиш тавсия қилинади. Ёш болаларда, асосан 5 ёшгача болаларда эса гайморит келиб чиқиш ҳолати жуда ҳам камдан кам ҳолатларда кузатилишини ва ёш болалар бурун ювиш пайти тўғри нафас ололмаслиги ҳамда бунинг оқибатида сувнинг бурун ва оғиз бўшлиғидан нафас орқали ўпкага кетиш ёки қулоқ каналига тушиб қолиш эҳтимоли кучлилиги сабабли бу ёшгача бўлган болаларда бурун ювиш амалиётини умуман қўлламаган маъқул, — деб жавоб берди вирусолог шифокор.

Бундан келиб чиқадики, ҳар қандай, сиз оддий деб билган амалиётлардан ҳам катта зарар кўриш эҳтимоллари мавжуд. Бунинг устига бу амалиётлардан фойдаланиш беморларга моддий томондан ҳам қимматга тушаётгани ҳақида ҳам таъкидлаш керак. Албатта, ҳар иккала амалиёт ҳам текинга ёки кичик пулга қилинмайди ва бу амалиётлар бир неча кун ёки ҳафталаб давом этади.

Биз ота- оналарни, беморларни огоҳлантирган бўлар эдик-ки, ҳар қандай кичик амалиётни ҳам зарар ва фойдаларини ҳисобга олган ҳолда, албатта тажрибали шифокор назоратида ва бир неча текширув, ҳамда суҳбатлардан сўнг қабул қилинг. Чунки,  ҳар бир инсон организми ўзига хосдир. Ўз ҳаётингизга, соғлигингизга ўзингиз ҳаммадан кўпроқ эътиборли бўлинг. Шифо топамиз  деб зарар кўриб қолманг яна.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: