13:15 | 16.01.24

                       

Бюджетдан 1,2 триллион сўмлик ноқонуний харажат, 200 миллиард сўмлик камомад ва ўғриликларга йўл қўйилган

Жиззах политехника институтида ҳақиқатда ишламаган 110 нафар фуқарога қарийб 10 миллиард сўм иш ҳақи ҳисобланган, «Ўзгидромет» раҳбарияти асоссиз 1,3 миллиард сўм ссуда олган.

Ўтган 2023 йилда бюджетдан 1,2 триллион сўмлик ноқонуний харажат ҳамда 200 миллиард сўмлик камомад ва ўғриликларга йўл қўйилгани аниқланган. Бу ҳақда давлат раҳбари 2024 йилда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида айтиб ўтилди.

Жиззах политехника институтида ҳақиқатда ишламаган 110 нафар фуқарога, қарийб 10 миллиард сўм иш ҳақи ҳисоблаб, ноқонуний ўзлаштирилган.

Наманган, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари «Ягона буюртмачи хизмати» компаниялари 18 та объектда амалда бажарилмаган 50 миллиард сўмлик ишларни ҳисоботларга қўшиб ёзган.

Сергели ободонлаштириш бошқармасида аслида ишламаган ходимларга 4,3 миллиард сўм тўланган.

Қўшработ таълим бўлими бухгалтери томонидан 3 миллиард сўм нақд пул ва 1,5 миллиард сўм маблағ пластик карта орқали ноқонуний ўзлаштирилган.

«Ўзгидромет» раҳбарияти бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан асоссиз 1,3 миллиард сўм ссуда олган, шунингдек, ўзларига бир неча карра кўп мукофотлар ёзиб келган.

«Давлат ташкилотлари раҳбарлари ўзларига асоссиз равишда мукофотлар ва бошқа моддий рағбатлантириш пулларини ёзиб келаётгани билан боғлиқ ҳолатлар текширилади ва маблағларнинг бюджетга қайтарилиши таъминланади», дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: