11:56 | 04.12.23

                       

COP28 доирасида Марказий Осиёдаги қум ва чанг бўронлари хавфи масаласи кўтарилди

Дубай шаҳридаги «Dubai expo» марказидаги «Ўзбекистон» павилонида Марказий Осиёдаги чанг бўронлари манбаларини хариталаш ва юмшатиш бўйича тадбир ўтказилди.

COP28 — Бутунжаҳон иқлим форуми доирасида ташкил этилган семинарда БМТ Бош котиби ўринбосари, чўлланишга қарши кураш конвенцияси (UNCCD) ижрочи котиби Иброҳим Тиау, Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси ECE/FAO ўрмон ва ёғоч хўжалиги, ўрмонлар, ер ва уй-жой бўлими бошлиғи Лилиана Анноваззи-Жакаб, Финляндия метеорология институти директори Ҳарри Калеви Пиетарила, экспертлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда нутқ сўзлаган Иброҳим Тиау Самарқандда бўлиб ўтган CRIC21 — БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессиясига алоҳида тўхталди. У сессия давомида турли долзарб мавзуларни муҳокама қилинганини, шунингдек, Ўзбекистонда чўлланишга қарши самарали ислоҳотлар олиб борилаётганини таъкидлади.

«CRIC21 тадбири доирасида Орол денгизи ҳудудига бориб, у ердаги ҳолатга гувоҳ бўлдим. Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти бошчилигида Орол денгизи тубини кўкаламзорлаштириш, экологик ҳолатни янада яхшилаш борасида чўл иқлимига чидамли кўплаб ўсимликлар экилмоқда. Бу эса ўз навбатида чанг ва қум бўронлари ҳодисаларининг олдини олишга хизмат қилади», – дейди Иброҳим Тиау.

Азиз Абдуҳакимов эса қум ва чанг бўронларига қарши курашиш учун барча даражадаги комплекс ҳаракатлар, ер билан муносабатларни қайта кўриб чиқиш, илмий ёндашув, илмий далилларга таяниш, академиклар, мутахассислар ва экспертларни бирлаштириш лозимлигини таъкидлаган.

«ʼЎзбекистонʼ павильонида қум ва чанг бўронлари муаммосига эътибор қаратаётганимиз бежизга эмас. Бу нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё учун ўта муҳим мавзу, иқлим ўзгариши эса бу экологик ҳодисани янада кучайтирмоқда. Мамлакат ҳудудининг катта қисми дашт ва чўллардан иборат бўлганлиги сабабли Ўзбекистоннинг катта ҳудуди чанг бўронларининг салбий таъсирига учраган. Шу сабабли муаммонинг самарали ечимини топиш мақсадида олимлар, мутахассисларни Тошкентда янги ташкил этилган Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш университети (Central Asian Green University) негизида бирлаштиришни мақсад қилганмиз», – дейди Абдуҳакимов.

У қум ва чанг бўронларининг трансчегаравий табиатини ҳал қилиш учун минтақавий ҳамкорлик зарурлиги, қулай молиялаштириш ва ресурсларни сафарбар қилиш кераклигини алоҳида қайд этган. Шу билан бирга, қум ва чанг бўронлари ҳаво ва сув сифатига, саломатликка ва экотизимга жиддий зарар етказиши, бўронларни антропоген манбаларининг фаол нуқталарини хариталаш орқали аниқлаш эса муҳим аҳамиятга эгалиги, хавф таъсирини юмшатиш учун биргаликдаги саъй-ҳаракатлар лозимлиги таъкидланган.

Марказий Осиё мамлакатларида ёнғин хавфсизлиги шароитларини прогнозлаш, эрта огоҳлантириш ва мониторинг қилиш тизимлари тўлиқ ишлаб чиқилмаган. Бу эса қум ва чанг бўронлари кузатиладиган мамлакатлар ўртасида ўзаро маълумотлар алмашишни қийинлаштиради ва экологик муаммоларни юмшатиш ҳаракатларига путур етказади. Тадбирда айнан шу масалага ҳам эътибор қаратилган.

Маълумот учун, Марказий Осиёнинг 80 фоиздан ортиғини чўл ва даштлар эгаллаган бўлиб, улар чанг ва қум бўронларининг муҳим табиий манбаси ҳисобланади. Бироқ бу ландшафтларда иқлим ўзгариши ва ердан беқарор фойдаланиш амалиёти кузатилганлиги сабабли Ўрта Осиёда қум ва чанг бўронларининг антропоген манбалари учун шароитлар пайдо бўлмоқда. Бундан ташқари, Орол денгизининг қуриши 100 миллион тонна чанг ва заҳарли туз манбаи бўлган 5,5 миллион гектар шўр чўлнинг ўзлаштирилишига олиб келди. Ҳудудда мелиорация ишлари олиб борилмоқда, ўрмонлар майдони 1,7 миллион гектарни ташкил этади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: