11:01 | 28.02.24

                       

ДХХ адвокат, транспорт бошқармаси бош мутахассиси ва ҳокимлик ходимининг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйди

ДХХ адвокат, транспорт бошқармаси бош мутахассиси ва ҳокимлик ходимининг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйди. Хусусан, Чиноз тумани ҳокимлиги ходимаси 6 минг доллар пора билан ушланди. У кам таъминланган оиланинг кредитга олинган уйини бошқа бир фуқаро номига ўтказиб берувчи қарор чиқартириш эвазига пул талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати адвокат, транспорт бошқармаси бош мутахассиси ва ҳокимлик ходимининг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйди.

Маълум бўлишича, хавфсизлик хизматининг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда Бухоро шаҳридаги адвокатлик бюроси адвокати, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди билан қўзғатилган жиноят иши доирасида енгиллик яратиб бериш эвазига 100 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. У прокуратура органларидаги мансабдор танишлари орқали масалани ҳал қилишини айтган.

Шунингдек, хавфсизлик хизматининг Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ва Ички ишлар вазирлигининг Жиззах вилояти Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ҳам тезкор ўтказилган. Унда вилоят Транспорт бошқармасининг Тендерлар ўтказиш бўлими бош мутахассиси Фориш туманида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи хусусий корхонага давлат томонидан берилган «ISUZU» автобусини сотиш ҳуқуқи бўлмасада, жисмоний шахсга 6,6 минг АҚШ долларига сотган вақтида ушланди. 

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Чиноз тумани ҳокимлиги ходими ҳам ушланди. У тумандаги кам таъминланган оилаларга имтиёзли кредит асосида берилган уйлардан бирининг эгасини хабардорлигисиз, у кредит тўловларини амалга оширмаётганлигини рўкач қилиб, ушбу хонадонни банк балансига қайтариш орқали бошқа бир фуқаро номига эгалик ҳуқуқини берувчи қарор чиқартириб, кредит расмийлаштириб бериш эвазига 6 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: