14:22 | 22.05.24

                       

ДХХ ҳажга юборишни ваъда қилган фирибгарларни ушлади

ДХХ бешта ҳудудда ҳажга юборишни ваъда қилган фирибгарларни ушлади. Улар 9,5 минг доллардан 30 минг долларгача пул сўраган.

ДХХ томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда бир нечта тезкор тадбирлар ўтказилган.

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида жойлашган сайёҳлик фирмасинингикки нафар ходими маҳаллий фуқаронинг ишончига кириб, унинг ота-онасини Саудия Арабистонига ҳаж сафарига боришлари учун талаб этиладиган виза ҳужжатларини тайёрлаб бериш ва уларни зиёратга юбориш эвазига 18 минг доллар талаб қилиб, 4,5 минг доллар олган вақтида ушланган.

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги сайёҳлик фирмаси раҳбари Яшнобод туманида яшовчи фуқарони «Ҳаж-2024» мавсумида Саудия подшоҳлигига муборак сафарга юбориш эвазига 9,5 минг доллар талаб қилиб, 5,7 минг доллар олган вақтида ушланган.

Шунингдек, Шайхонтоҳур туманида яшовчи, муқаддам судланган шахс ҳам Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида истиқомат қилувчи икки нафар фуқарони сайёҳлик фирмаси орқали ҳаж зиёратига юбориш эвазига 20 минг доллар талаб қилиб, 10 минг доллар олган вақтида ушланган.

Фарғона шаҳридаги сайёҳлик фирмаси иш юритувчиси эса Тошлоқ туманида яшовчи фуқарони ва унинг икки нафар вояга етмаган фарзандини 30 минг доллар эвазига ҳаж зиёратига юборишни ваъда қилиб, 15 минг доллар олган вақтида қўлга олинган.

Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида яшовчи шахс ҳам Қува туманида истиқомат қилувчи фуқарони ва унинг ота-онасини ҳаж амалларини бажаришлари учун сайёҳлик фирмаси орқали Саудия Арабистонига юбориш эвазига 16 минг доллар олган вақтида ушланган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: